Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери Миллий офиси бош директори Фарҳод Жумаев, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Сардор Донаев ҳамда Тошкент давлат техника университети ҳузуридаги Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация маркази директори Саидмурод Ниёзбеков “Тадқиқот институтларини бошқаришда инновацион ёндашув” лойиҳаси доирасида Япония давлатида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Делегация аъзолари Япониянинг JICA (Japan International Cooperation Agency) агентлиги бош офисига ташриф буюриб, унинг фаолияти билан яқиндан танишди.
Шунингдек, JICA агентлигининг бош директори ўринбосари Уеда Даисуке билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация маркази ҳамда JICA томонидан бажарилаётган лойиҳанинг I-фазасида амалга оширилган ҳамкорлик алоқалари натижалари ҳамда эришилган ютуқлар тўғрисида маълумот берилди ва лойиҳанинг II-фазасини давом эттириш таъкидлаб ўтилди.
Шу билан бирга, JICA агентлиги билан ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, таълим жараёнига ўқитувчи кўнгиллиларни жалб этиш, жумладан, қисқа муддатли ўқув дастурлари ва курсларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув таълим йўналишида истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга оширишда алоҳида туртки берадиган юксак савияда бўлиб ўтди.
Маълумот учун: JICA – ривожланаётган мамлакатларда иқтисодий, ижтимоий ўсиш бўйича кўмаклашадиган ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришни мақсад қилган ҳукумат агентлиги ҳисобланади.
Шунингдек, хизмат сафари давомида Япониянинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири Токио унивeрситeти фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди.
Унда университетнинг илмий-инновацион салоҳиятини ошириш мақсадида фан ва технологиялар соҳасида олиб борадиган фаолияти, шунингдек, етакчи илмий лойиҳалари, талабалар учун эълон қилиб бориладиган турли хил дастурлар, университетда яратилган шарт-шароитлар, ундаги лабораториялар тўғрисида маълумот берилди.
Томонлар университетлараро илмий лойиҳаларни ҳамкорликда тайёрлаш, магистр ва докторантларнинг илмий стажировкасини йўлга қўйиш, университет қошидаги корхоналарда амалиёт ўташ каби масалаларда ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
Токио университети штаб-квартираси Токионинг Итабаси профектурасида жойлашган университет бўлиб, бугунги кунда у учта йўналиш бўйича 10 та факультетга эга.
ЎзА