Ҳукумат вакилларидан иборат Ўзбекистон делегациясининг Японияга ташрифи доирасида турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари йирик маҳаллий компания ва тузилмалар билан учрашувлар ўтказмоқда.
Жумладан, Тошкент шаҳрида жойлашган “Onodera User Run” (OUR) академияси тингловчилари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев бошчилигида кун чиқар юртдаги иш муҳити билан танишди. Вакилларимизга мазкур компания президенти Жун Като ҳамроҳлик қилди.
– Ўзбекистон бозорига кираётганимиздан мамнунмиз, – дейди корхона етакчиси. – Тошкентда Япония тажрибаси асосида фаолият юритадиган дастлабки ўқув марказини очиш режалаштириляпти. Лойиҳага ўзбекистонлик япон тили ўқитувчиларини таклиф қиламиз. Муайян малакага эга бўлганларни жамоамизга қабул қиламиз. Ҳозирнинг ўзида ошпазлик йўналиши бўйича ўқиётган ўзбек ёшлари япон меҳнат бозори талабига мос равишда тайёрланмоқда. Улар 6-8 ой давомида тил ва ошхона сирларини ўрганиб, келаси йил май ойидан бошлаб Японияда ишлаш имконига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 27-29 май кунлари Миграция агентлиги раҳбариятининг ушбу давлатга хизмат сафари чоғи 30 000 ишчиси бор OUR билан ҳамкорлик битими имзолашга келишилган. 11 июнь куни корхона раҳбариятининг мамлакатимизга сафари доирасида тегишли меморандум имзоланган. Ушбу ҳужжат асосида энди минглаб ёшларимиз Япония меҳнат бозорида ўз ўрнини топиш имконига эга.
– Бугун Токио марказидаги қадимий ресторан фаолияти билан танишдик, – дейди Беҳзод Мусаев. – Айни пайт ўз диёримизда маҳоратини ошираётган ўғил-қизларимиз келгусида шу даргоҳда иш бошлайди. Бўлажак ошпазлар турли-туман, мазали япон таомлари тайёрлаш орқали мўмай даромад олишлари мумкин. Ҳамкорлар билан ҳар томонлама келишиб олдик.
Гўзал Сатторова, ЎзА