Республика таълим маркази ҳамда Япониянинг “Gakusho” АЖ компанияси томонидан имзоланган келишувга асосан, умумий ўрта таълим мактабларининг 7-синф ўқувчилари учун Япония методикаси асосида дарсдан ташқари машғулотлар учун дастур ва рақамли платформа ишлаб чиқилди. Мазкур дастур ва рақамли платформани тажриба-синовдан ўтказиш учун республикамиздаги 2 та таълим муассасаси – Тошкент шаҳар Сергели туманидаги 6-умумий ўрта таълим мактаби ҳамда Бухоро вилояти Вобкент туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактаби танланди.
Япониянинг “Gakusho” АЖ компанияси мутахассислари Бухоро вилояти Вобкент туманидаги 1-умумтаълим мактабида бўлиб, тажриба-синов жараёнларига жалб этилган ўқувчиларнинг ота-оналари ва ўқитувчилари билан суҳбатлашди. Лойиҳанинг аҳамияти ва уни амалга ошириш босқичлари ўрганилди.

Мазкур лойиҳа JICA (Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги) буюртмасига кўра Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази билан ҳамкорликда Япониянинг “Gakusho” нашриёти томонидан амалга оширилади ҳамда математика фанидан 7-синф ўқувчилари орасида ўзлаштириши қийин бўлган мавзуларни самарали ўқитиш учун дарсдан ташқари тўгарак машғулотлари тарзида олиб борилади.

Тажриба-синовни амалга ошириш учун танлаб олинган мактабнинг 30 нафар 7-синф ўқувчилари дарсдан ташқари машғулотларда мустақил равишда Япония таълим методикаси асосида тузилган электрон рақамли тест машғулотларини бажаришади. Уч ойлик тажриба-синов жараёни учун ўқувчилар диагностик тест олиш орқали танланади. Тест натижаси салбий натижани кўрсатган, яъни математика фанини ўзлаштиришда қийналаётган ўқувчилар саралаб олинади. Саралаб олинган ўқувчилар 3 ой давомида математика фанидан топшириқларни осон ечиш усулларини ўрганишади ва тажриба-синовда қатнашишади. Тажриба-синов лойиҳаси ўз самарасини берса, келгусида умумтаълим мактабларида амалиётга жорий этилади.
З.Комилов, ЎзА