Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Токио шаҳрида Япония Либерал-демократик партияси вице-президенти, “Ўзбекистон – Япония” парламентлараро Дўстлик лигаси раҳбари Таро Асо билан учрашди.
Давлат ва сиёсат арбоби Таро Асо 2008-2009 йилларда Бош вазир, бир вақтнинг ўзида Либерал-демократик партия президенти, 2012-2021 йиллар давомида Бош вазир ўринбосари - Молия вазири лавозимларида ишлаган. У 1979 йилдан бери тўққиз бор парламентга сайланган.
Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабат кун тартиби, алоқаларни кенгайтириш истиқболи муҳокама қилинди.
Сиёсий, инвестициявий, савдо-иқтисодий, молиявий ва техник соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришда барқарор тенденция кузатилаётгани қайд этилди. Устувор йўналишларда ўзаро манфаатли шерикликни чуқурлаштириш борасида биргаликда иш олиб боришга қизиқиш билдирилди.
Энергетика, соғлиқни сақлаш, транспорт инфратузилмаси ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг имконият мавжудлиги таъкидланди.
Япония йирик компаниялари ва молия ташкилотларининг Ўзбекистонда фаолиятини кенгайтириш ва янги лойиҳалар амалга оширишга жалб қилиш бўйича келгуси ҳамкорлик механизми ишлаб чиқилди.
Шунингдек, парламентлараро алоқани мустаҳкамлаш ва икки мамлакат қонун чиқарувчи идоралари ўртасидаги алоқани фаоллаштириш чоралари белгиланди. Шу нуқтаи назардан, 2004 йил Таро Асо раҳбарлигида ташкил этилган Япония – Ўзбекистон парламентлараро Дўстлик лигасининг ўрни қайд этилди. Томонлар жорий йил иккинчи ярмида ўтказилиши режалаштирилган Япония – Ўзбекистон парламентлараро форумининг навбатдаги йиғилиши кун тартибини кўриб чиқиб, муҳокама учун муҳим аҳамиятга эга масалаларни ажратиб олдилар.
Япония парламенти ва ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегациянинг ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масаласини ҳар томонлама муҳокама қилиш учун мамлакатимизга ташрифини ташкил қилиш истиқболи ўрганилди.
Мулоқот якунида томонлар кўриб чиқилган барча соҳаларда алоқани ривожлантиришга, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорликнинг юқори даражасини сақлаб қолишга содиқлик билдирилди.
ЎзА