Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон–Япония муносабатлари: Стратегик ҳамкорлик ва тарихий хотиралар
11:10 / 2025-12-18

Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатлар замонавий дипломатик алоқалар билан чекланиб қолмай, балки минг йиллик тарихий, маданий ва маънавий муштаракликларга таянади. Буюк Ипак йўли давридан бошлаб шаклланган савдо ва маданий алоқалар бугунги кунда стратегик шериклик, иқтисодий ҳамкорлик ва чуқур инсоний ришталар билан бойиб бормоқда.

Тарихчилар фикрича, Япониянинг қадимий Нара шаҳри Буюк Ипак йўлининг шарқий якуний нуқталаридан бири бўлган. Бу ердаги “Todai-ji” ибодатхонасида Суғдиёна ва Бақтрияга оид нодир буюмларнинг сақланиб қолганлиги бу фикрни тасдиқлайди. Қолаверса, VIII асрда Самарқанд ва Тошкент ҳудудида тайёрланган идишлар ҳамда уд мусиқа асбоби бунга ёрқин мисолдир.

undefined

Япон олими Йотака Йошида қадимий идишлардан бирида сақланиб қолган суғд ёзувини ўқиб, унинг эгаси Шош (қадимги Тошкент)лик эканини аниқлаган. Бу эса мамлакатларимиз ўртасидаги бевосита тарихий алоқаларнинг далилидир.

Маълумотларга кўра, I– VI асрларда Ўзбекистон ҳудудида кенг тарқалган буддизм дини VI асрда Хитой ва Корея орқали Япония оролларигача етиб борган. Бугунги япон буддавий ибодатхоналари меъморчилиги, ҳайкалтарошлик ва безак санъатида юртимиз ҳудудида топилган археологик ёдгорликлар билан ўхшашликлар яққол кўзга ташланади.

Ўзбекистон жанубида илк буддизм даври ёдгорликларини ўрганишда япон олими Кюдзо Катонинг хизмати беқиёсдир. У “Дўстлик” ордени билан тақдирланган бўлиб, тадқиқотлари Ўзбекистон тарихи дарсликларига киритилган. Япониянинг машҳур рассоми, Тошкентнинг фахрий фуқароси Икуо Хираяма эса ўлкамизни қадимги буддавийлик маданиятининг бир қисми сифатида эътироф этган.

Япония 1991 йил 28 декабрда мамлакатимиз мустақиллигини тан олди, 1992 йил 26 январда дипломатик муносабатлар ўрнатилди. 2002 йилда икки давлат ўртасида стратегик шериклик муносабатлари йўлга қўйилди.

Давлат рахбарларининг бир неча бор қилинган ўзаро расмий ташрифлари икки томонлама сиёсий мулоқотнинг юқори даражада эканини кўрсатади. Бундан ташқари, парламентлараро дўстлик гуруҳлари, “Марказий Осиё + Япония” диалоги, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мунтазам маслаҳатлашувлар ҳамкорликни тизимли равишда мустаҳкамлаб келмоқда.

Халқаро майдонда ҳам томонлар бир-бирининг ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда. Хусусан, БМТ доирасида ядро қуролсизланиши, инсон ҳуқуқлари, экология ва барқарор ривожланиш бўйича резолюциялар шулар жумласидан.

Таъкидлаш керакки, мамлакатларимиз ўртасида савдо бўйича энг қулай шартлар режими амал қилади. Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сезиларли ўсишни кўрсатмоқда. Статистикага кўра, 2024 йилда савдо айланмаси 388,5 млн долларни ташкил этган. Юртимизда япон сармояси иштирокидаги 100 дан ортиқ корхоналар фаолият юритмоқда. Улар асосан энергетика, машинасозлик, ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини қамраб олади.

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) орқали турли кредитлар, грантлар ва техник ёрдамлар ажратилган. Шу пайтгача минглаб ўзбекистонлик мутахассислар Японияда малака оширган, юзлаб талабалар грант асосида таълим олган.

Маданият, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорлик икки халқни янада яқинлаштирмоқда, дейиш мумкин. Пойтахтимизда Ўзбек-япон марказлари, Японияда эса Ўзбекистон маданиятини тарғиб қилувчи жамиятлар фаолият юритмоқда. Япон санъаткорларининг Ўзбекистондаги фестиваль ва концертлардаги иштироки, қўшма кино ва театр лойиҳалари, EXPO-2025 Осака кўргазмасидаги Ўзбекистон павильони бунга ёрқин мисолдир.

Диёримизда таълим соҳасида япон тили ўқитилаётган олий таълим муассасалари сони ҳам ортиб бормоқда, қолаверса, олий таълим соҳасида Нагоя университети билан ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Ўзбек–япон муносабатларининг алоҳида ва ниҳоятда таъсирли саҳифаси — Иккинчи жаҳон урушидан кейин Ватанимизга келган япон фуқаролари тақдиридир. 1947–1950 йилларда 25 мингга яқин япон фуқароси ўлкамизда яшаб, саноат ва маданий объектлар қурилишида иштирок этган.

Уларнинг хотирасига бағишлаб очилган музейлар ва ёдгорликлар ўзбек халқининг инсонпарварлиги ва бағрикенглигини акс эттиради. Тошкентдаги “Яккасарой” мемориал мажмуаси Японияда ҳам катта эҳтиром билан тилга олинади. Бу саъй-ҳаракатлар учун ўзбекистонлик фуқаролар Япония императори томонидан юксак мукофотлар билан тақдирланган.

Умуман олганда, Ўзбекистон–Япония муносабатлари — бу фақат дипломатик алоқалар эмас, балки чуқур тарихий хотира, маданий яқинлик ва стратегик манфаатлар уйғунлигидир. Ушбу муносабатлар бугунги кунда минтақавий барқарорлик, инновацион ривожланиш ва халқлар дўстлигига хизмат қилаётган мустаҳкам кўприк сифатида намоён бўлмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА