French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Япония муносабати мустаҳкамланмоқда
21:24 / 2024-01-28

Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида

Япониянинг Янги энергия ва саноат технологияларини ривожлантириш ташкилоти – “NEDO” ўз манбалари орқали Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган  Ўзбекистон – Япония бизнес-форуми тафсилотини батафсил ёритди.

Мақолада тегишли вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, икки мамлакатнинг ахборот технологиялари, энергетика, рақамли трансформация, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, электротехника, тиббиёт ва фармацевтика каби соҳаларда фаолият юритувчи 200 га яқин йирик компанияси вакиллари иштирок этгани таъкидланган.

Муаллиф таъкидлашича, форум очилишида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат давлат вазири Рёсукэ Козуки сўзга чиқиб, ўзаро муносабат ривожининг асосий омили икки давлат раҳбарлари ўртасидаги юксак ишонч эканини эътироф этган. Шунингдек, Лазиз Қудратовнинг мамлакатимизда инвесторлар ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган самарали қонунчилик меъёрлари жорий этилгани, муҳандислик коммуникацияси, инфратузилма, энергия ресурслари билан таъминланганлик даражаси яхшилангани, иқтисодиётда давлат иштироки қисқартирилгани ва кенг кўламли хусусийлаштириш жараёни бошланганини қайд этгани юқори баҳоланган.

Жаноб Козуки ҳам кунчиқар юртда Ўзбекистон билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилаётганини урғулагани, форумда қўшма инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши, бу жараёнда энг истиқболли йўналишлар сифатида ахборот технологиялари, муқобил энергетика, таълим, тиббиёт, туризмни ривожлантириш, рақамлаштиришни кенгайтириш соҳалари белгилаб олингани баён этилган.

Мақолада анжуман якунида таълим, ахборот технологиялари, муқобил энергетика ва тиббиёт, геодезия ва картографияда космик технологиялардан фойдаланиш соҳаларида 14 та ҳужжат имзолангани эътироф этилган.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда Тошкент ва Токио муносабати тобора мустаҳкамланмоқда. 2022 йил декабрь ойида икки давлат ташқи ишлар вазирлари учрашувида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболи муҳокама қилинганди. Япония томони Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни ижобий баҳолаб, тўғридан-тўғри инвестицияни кенгайтиришга шайлигини билдирган.

Япониянинг республикамиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Хатори ҳам кунчиқар ўлка компанияларининг Ўзбекистондаги бизнес лойиҳаларига катта умид боғлаётгани ҳақида гапирган.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА