Замонавий халқаро муносабатларда таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳаси давлатлар ўртасидаги энг барқарор ва узоқ муддатли ҳамкорлик механизмларидан бирига айланиб бормоқда. Айниқса, “юмшоқ куч” сиёсати доирасида инсон капиталига қаратилган ташаббуслар стратегик аҳамият касб этади.
ЎзА мухбири “Халқаро шарҳ” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон–Япония муносабатларида сўнгги йилларда кадрлар тайёрлаш ва таълим соҳасидаги ўзгаришларни таҳлил қилиш мақсадида Тошкент давлат шарқшунослик университети тадқиқотчиси Салима Ғуломова билан қисқа суҳбат уюштирди.

– Айтингчи, мамлакатларимиз ўртасида таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликнинг янги форматлари қандай шаклланмоқда?
– Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Япония ўртасида таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Авваллари бу алоқалар асосан стипендиялар ва алмашинув дастурлари билан чекланган бўлса, бугун у инсон капиталига қаратилган тизимли ҳамкорлик моделига айланмоқда.
1993 йилдан буён Япония ҳукуматининг JICA ва MEXT дастурлари орқали мингдан ортиқ ўзбекистонлик талабалар, муҳандислар ва давлат хизматчилари кунчиқар юртда таълим олди ва малака оширди. Айниқса, охирги 7–8 йилда бу кўрсаткич кескин ўсди, бу эса ҳамкорликнинг анча фаоллашганини англатади.
Япония энди кадрларни фақат ўз мамлакатида тайёрлашга эмас, балки таълим стандартлари ва методикаларини Ўзбекистоннинг ўзида жорий этишга урғу бермоқда. Муҳандислик, энергетика, транспорт ва IT соҳаларида япон моделлари асосида ўқув дастурлари ишлаб чиқилмоқда.
Қайд этиш керакки, бугунги кунда Ўзбекистонда 50 дан ортиқ япон компаниялари ва қўшма корхоналар фаолият юритмоқда. Улар кадрлар тайёрлаш жараёнига бевосита жалб этилмоқда. Ёш мутахассислар корхоналарда амалиёт ўташ, реал ишлаб чиқариш жараёнларида иштирок этиш орқали билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда. Бу Японияга хос “иш жойида ўқитиш” тизимининг маҳаллий шароитга мослашган кўринишидир.
JICA доирасида ҳар йили ўнлаб давлат хизматчилари, энергетиклар ва инфратузилма мутахассислари Япония тажрибаси асосида малака оширмоқда. Бу курслар академик эмас, балки аниқ соҳавий муаммоларни ҳал қилишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Японияда таҳсил олган ёки стажировка ўтаган ўзбекистонлик мутахассисларнинг кўпчилиги кейинчалик давлат бошқаруви, саноат ва таълим соҳаларида етакчи мутахассис сифатида фаолият юритмоқда. Бу эса ҳамкорликнинг бир марталик эмас, балки узоқ муддатли таъсирга эга жараён эканини кўрсатади.
– Япониянинг “юмшоқ кучи” юртимизда қай тарзда намоён бўляпти?
– Япония Ўзбекистонда ўз нуфузини маданият, таълим ва инсон капитали орқали мустаҳкамлаб келмоқда, дейиш мумкин. Бу халқаро муносабатларда “юмшоқ куч” деб аталадиган сиёсатнинг амалдаги кўринишидир. Сўнгги йилларда ушбу ёндашув нафақат Ўзбекистонда Япония образини мустаҳкамлади, балки Япония жамиятида ҳам Ўзбекистонга қизиқишни кучайтирди.
Масалан, Японияда ўтказиладиган Ўзбекистон маданияти ҳафталиклари бу сиёсатнинг яққол мисолидир. Токио, Осака ва Нагоя каби йирик шаҳарларда ташкил этилган тадбирлар япон жамоатчилигига диёримизни бой тарих, ранг-баранг маданият ва замонавий ривожланаётган давлат сифатида танитишга хизмат қилмоқда.
Маданият ҳафталиги доирасида миллий рақс ва мусиқа концертлари, ўзбек миллий кийимлари намойиши, ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий таомлар тақдимоти, туризм ва тарихий меросга бағишланган фото ва видео экспозициялар ўтказилди.
Бу йиғинларда минглаб япон томошабинлари, маданият ва санъат вакиллари, сайёҳлик компаниялари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Япон матбуотида Ўзбекистон маданиятига бағишланган материаллар сони ортиб, ўлкамизга нисбатан ижобий муносабат шаклланди.
Таъкидлаш керакки, юртимизда япон тилини ўрганаётганлар сони бугун 20 мингдан ортиқ. “Japan Foundation”, Япония элчихонаси ва маҳаллий таълим муассасалари кўмагида тил курслари, маданий тадбирлар ва JLPT имтиҳонлари мунтазам ўтказилмоқда.
– Қисқа, лекин мазмунли суҳбат учун ташаккур!
– Раҳмат.
Мусулмон Зиё суҳбатлашди,
ЎзА