Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Япония: ҳамкорликда тадқиқот ишлари олиб борилмоқда
14:39 / 2025-11-05

Тупроқшунос олимларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда тупроқ муҳитининг микропластик ифлосланиши глобал экологик муаммога айланиб бормоқда. Ҳозирги кунда ушбу масала юзасидан Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти Япониянинг Тсукуба университети билан “Қурғоқчил ерларда тупроқнинг микропластик ифлосланиши ва унинг тупроқ тузилишига таъсири” халқаро ҳамкорлик лойиҳаси асосида тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Мутахассисларнинг қайд этишича, ҳамкорликда олиб борилаётган мазкур тадқиқот ишларига жорий йилнинг февраль ойидан киришилган эди. Япон профессори Маки Асано бошчилигидаги бир гуруҳ мутахассислар дастлаб Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманларида дала тадқиқот ишларини олиб борди.

Шу кунларда қўшма лойиҳа асосида ҳамкорликда бажарилиши лозим бўлган тадқиқот ишларининг кейинги танланган ҳудуди Андижон вилоятининг Андижон, Избосган ва Балиқчи туманларидан тупроқ намуналари олинди.  

Ҳамкорликда олиб борилаётган тадқиқот ишларида тупроқ муҳитида микропластмассаларнинг тарқалиш хусусиятлари, таъсир этувчи омиллари, экологик ва экологик хавфлари тизимли равишда кўриб чиқилиб, таҳлил қилинади.

Шунингдек, хорижлик мутахассислар институтнинг Андижон минтақавий бўлинмасида яратилган шарт-шароитлар ва олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Институт директори Шуҳрат Бобомуродов профессор Маки Асано билан учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтгани, ҳамкорлик янада мустаҳкамланишини таъкидлади.

Гулноза Бобоева, ЎзА