Пойтахтимизда Ўзбекистон-Япония бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Тадбир Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат давлат вазири Рёсукэ Козукининг ташрифи доирасида ташкил этилди.
Унда тегишли вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакатнинг IT, энергетика, рақамли трансформация, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, электротехника, тиббиёт ва фармацевтика ва бошқа йўналишлар соҳаларида фаолият юритувчи 200 га яқин йирик компаниялари вакиллари иштирок этди.
Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат давлат вазири Рёсукэ Козуки сўзга чиқди.
Унда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатлар ривожланишининг ижобий динамикасининг асосий омилларидан бири бўлган икки давлат раҳбарлари ўртасидаги юксак ишонч даражаси алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистоннинг иқтисодиёт ва савдо, саноат ва инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги асосий ютуқларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган самарали қонунчилик нормалари жорий этилган. Муҳандислик коммуникациялари, инфратузилма, энергия ресурслари билан таъминланганлик даражаси яхшиланган. Иқтисодиётдаги давлат иштироки қисқартирилиб, кенг кўламли хусусийлаштириш жараёнлари бошлаб юборилди.
Шу билан бирга, инвесторлар учун имтиёзлар ва преференциялар яратилганлиги, МДҲ мамлакатлари, ва GSP+ ҳисобига Европа Иттифоқи бозорларига божсиз экспорт қилиш имконияти мавжудлиги, минтақалараро транспорт йўлаклари диверсификация қилинаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди. Барча қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлик билдирилди.
Япония компаниялари раҳбарлари Ўзбекистон ҳукуматининг Ўзбекистон-Япония бизнес ҳамкорлиги кўламини кенгайтиришни жадаллаштириш ниятида эканлигини билдирди.
[gallery-15407]
- Компаниямиз томонидан 2015 йилдан бошлаб энг ривожланган халқаро IТ компаниялари Япония жалб қилиб келинади, - дейди Япония IТ компанияларининг халқаро лойиҳалаштириш бўлими бошлиғи Ивамото Кенго. - Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирилиги билан ҳамкорлик ўрнатдик. Фаолиятимизни Ўзбекистонда ҳам давом этирмоқчимиз. Бугунги форум доирасида ҳам Рақамли технология вазирлиги билан мазкур соҳага оид англашув меморандуми имзоланди. Келажакда юртингизда компаниямизни ташкил этиб, ўзбекистонлик IТ мутахассисларини жалб этамиз. Биргаликда кўплаб катта лойиҳаларни амалга оширмоқчимиз. Қолаверса, ўзбекистонлик IТ мутахассислари Японияда малака ошириши таъминлаймиз. Бугунги тақдимотимизда ҳам юртингиздаги кўплаб IТ компаниялари фаолиятимизга қизиқиш билдирди
Тадбирда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг энг истиқболли йўналишлари сифатида IT соҳаси, муқобил энергетика, таълим, тиббиёт, туризмни ривожлантириш, рақамлаштиришни кенгайтириш соҳалари белгилаб олинди.
Форум доирасида “Энергетика трансформацияси истиқболлари” ва “Саноатни ривожлантиришда рақамли трансформация, Япония стартаплари Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш воситаси сифатида” мавзуларида панел мунозаралари ҳам бўлиб ўтди.
Сессиялар давомида экспертлар, вазирлик ва идоралар, йирик компаниялар раҳбарлари Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларига япон инновациялари ва технологияларини жорий этиш бўйича ўз қарашлари билан ўртоқлашдилар. Сўзга чиққанлар фикрича бу сезиларли иқтисодий самара бериши мумкин.
Бизнес-форум давомида “G2B” ва “B2B” учрашувлари ҳам ташкил этилди. Унда иштирокчилар қўшма корхоналар ташкил этиш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузиш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.
Форум якунида таълим, IT технологиялари, муқобил энергетика ва тиббиёт, геодезия ва картографияда космик технологиялардан фойдаланиш соҳаларида 14 та ҳужжат имзоланди. Aлоҳида “Йўл харитаси” шакллантирилди, унга кўра ҳар бир лойиҳани амалга оширишга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади.
Гўзал Сатторова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА