Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон яна бир бор “Global Times” эътиборида!
22:11 / 2022-09-24

Хитойнинг “Global Times” газетасида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети халқаро масалалар бўйича проректори, таниқли давлат ва жамоат арбоби, дипломат, атоқли олим Саидмухтор Саидқосимов билан суҳбатнинг иккинчи қисми эълон қилинди.

Мақолада Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги муносабатнинг бугунги ҳолати, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммити тафсилоти, Си Цзиньпиннинг мамлакатимизга давлат ташрифи юзасидан муҳим фикр-мулоҳазалар билдирилган. Икки мамлакатни ҳаётий манфаат, умумий келажак бирлаштириши, ШҲТ ва бошқа тузилмалар доирасида кўп томонлама ҳамкорлик мустаҳкамланаётгани қайд этилган. 

Муаллиф, шунингдек, Ўзбекистон – Хитой ташқи аралашувга биргаликда қарши тура олиши, терроризм, экстремизм ва сепаратизм каби “уч ёвуз куч”га, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиши, ахборот соҳасидаги ва умумий хавфсизликни таъминлаш кўламини кенгайтираётганга алоҳида эътибор қаратган.

– Икки мамлакат ўртасидаги муносабат даражасини Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга ғоят муваффақиятли давлат ташрифи билан белгилашимиз мумкин, бундай юқори даражадаги учрашув халқларимиз учун тарихий воқеага айлангани яққол аён, – деган С.Саидқосимов суҳбат чоғида.

Нашрда Хитой кўп йиллар давомида Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий ҳамкори экани, икки мамлакат компаниялари иштирокида саноат кооперациясини, фармацевтика, телекоммуникация соҳаларини ривожлантириш, инфратузилмани модернизация қилиш, қўшма юқори технологиялар саноат парклари ташкил этиш орқали истиқболли лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани шарҳланган.

Мақоланинг асосий қисмида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашида эришилган асосий ютуқлар бирин-кетин кўрсатиб ўтилган. Самарқанд саммити, умуман олганда, муваффақиятли ва энг муҳими, самарали кечганига урғу берилган. Юртимизнинг тузилмага раислиги бўйича белгиланган режалар тўлиқ амалга оширилгани, 80 дан зиёд йирик халқаро тадбир ўтказилгани бунга яққол мисол бўлади.

Газета ёзишича, учрашувнинг асосий ҳужжати – “Самарқанд декларацияси” имзолангани, рекорд миқдордаги келишув, концепция, дастур ва қарорлар қабул қилингани ташкилотнинг кейинги унумли фаолияти учун кенг йўл очади.

– Давлат раҳбарлари кенгашининг иқлим ўзгаришига жавоб бериш, глобал озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлашга оид баёнотлари диққатга сазовор, – дейилади мақолада. – ШҲТ мамлакатлари ўртасида қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш, шунингдек, сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик дастурлари имзоланиши жуда долзарб масала ечимининг бошланиши.

Суҳбатдош – дипломат С.Саидқосимов “Global Times” газетаси журналистининг “Хитойнинг ШҲТдаги роли ва ташкилотга қўшган ҳиссасини қандай баҳолайсиз?”, деган саволига ҳам атрофлича жавоб берган.

У ташкилотнинг шаклланиши ва янада ривожланишида Хитойнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлаб, ХХР ШҲТ ҳамкорлигини, айниқса, барча аъзо давлатлар ўртасидаги иқтисодий ва савдо алоқасини кенгайтиришда етакчи бўлиб қолаётганига урғу берган.

– Юзага келаётган қийинчиликлар, жаҳон иқтисодиёти билан боғлиқ муаммоларга қарамай, Хитойнинг ШҲТ таркибидаги давлатлар билан савдо айланмаси жадал суръатда ўсиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26 фоиз ошган, яъни 1.73 триллион юан (250 миллиард доллар)га етган, – дея иқтибос келтирилган ЖИДУ проректори сўзларидан.

Мақолада, шунингдек, дипломатик муносабат ўрнатилганидан буён ўтган 30 йилда Хитой – Ўзбекистон алоқаси изчил ривожланиб, сезиларли муваффақиятга эришиб, тинчлик-тотувлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик руҳидаги давлатлараро муносабатнинг ёрқин намунасига айлангани эътироф этилган.

“Global Тimes” Хитойда инглиз тилида жуда катта тиражда чиқарилиб, бутун дунёга тарқатиладиган газета. Мана шундай нуфузли нашрда эълон қилинган икки қисмдан иборат ушбу салмоқли интервью Президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган янгича, очиқ, кенг ҳамкорликка қаратилган ташқи сиёсат жаҳоннинг етакчи таҳлилий марказларида ҳам улкан қизиқиш уйғотаётганининг ёрқин ифодасидир. Ушбу материал газетанинг биринчи саҳифаси юқори қисмида алоҳида анонс тарзида берилиши ҳам мавзу беқиёс аҳамият касб этганини тасдиқлайди.

Дарвоқе, яна бир эътиборга молик ҳолат: Давлатимиз раҳбарининг ШҲТ саммити олдидан эълон қилинган махсус мақоласи ҳам айни шу газета орқали инглиз тилида тезкорлик билан жаҳон ҳамжамиятига, оммавий ахборот воситаларига тарқатилган эди.

Б.Худойбердиев тайёрлади.

ЎзА