Қатар – Ўзбекистон қўшма ишбилармонлар кенгаши масаласи муҳокама қилинди
Қатар ахборот агентлиги – “QNA” Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовнинг Қатар Палатаси Директорлар кенгаши аъзоси Муҳаммад бин Аҳмад Ал-Обайдлий билан учрашуви ҳақида ёзди.
Мақолада Қатар – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашини ташкил этишни мувофиқлаштириш масаласи, савдо-иқтисодий муносабатнинг жорий ҳолати муҳокама қилиниб, сармоявий муҳит, мавжуд имконият, ўзаро сармояни кенгайтириш йўллари кўриб чиқилди.
Лазиз Қудратов мезбонларни юртимиздаги инвестиция муҳити, сўнгги йилларда иқтисодиётимизда кузатилаётган ижобий ўзгаришлар билан таништирар экан, эндиликда дунёнинг турли давлатларидан кўплаб йирик компаниялар Ўзбекистонга келиб, турли соҳаларга сармоя кирита бошлаганига урғу берди. Шунингдек, ўлкамизнинг ўзига хос географик жойлашувига ишора қиларкан, юртимизни Осиё ва Европа бозорларига чиқиш дарвозасига айлантириш имкониятини ҳисобга олиб, қатарлик ишбилармонлар ҳамкорликка жалб этишга интилишни таъкидлади.
Ўз навбатида Муҳаммад Ал-Обайдлий икки давлат муносабатини юқори баҳолаб, қатарлик ишбилармонларда Ўзбекистондаги сармоявий муҳит, мавжуд имкониятлар ҳақида тасаввурга эгалигини билдирди. Айниқса, кўчмас мулк, меҳмонхона бизнеси, технология, ахборт алмашиш, туризм, инфратузилма, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида инвесторларга тақдим этилаётган имтиёзларни эътироф этди. Шунингдек, палата ишбилармонларни Ўзбекистонга сармоя киритишга ундаётгани, икки мамлакат хусусий сектори ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаши, ўзаро савдо айирбошлашни ривожлантиришна қаратилган қўшма лойиҳаларни рағбатлантиришини таъкидлади.
Муҳаррама Пирматова,
ЎзА