Муносабат
Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси илк бор юртимизда ўтказилиши мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим тарихий воқеа сифатида ўрин олиши, шубҳасиз.
Бундай катта аҳамиятга эга бўлган тарихий форумнинг Марказий Осиёда илк бор ўтгани бунга Ўзбекистон мезбонлик қилгани барчамизга ғурур ва фахр бағишлайди.
Таъкидлаш жоиз, Парламентлараро Иттифоқ дунё мамлакатларининг қонун чиқарувчи органлари учун глобал мулоқот майдонига айланган нуфузли ташкилотдир. Парламентлар ўртасидаги алоқаларни рағбатлантириш ва халқаро тинчлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ишида биргаликда фаолият кўрсатиш учун уларни бирлаштириш мазкур ташкилотнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Мамлакатимизнинг Парламентлараро Иттифоққа аъзолиги 2017 йилда, яъни Ўзбекистон ўз тараққиётида янги босқичга ўтган вақтда, изчил ислоҳотларни дадил бошлаган пайтда қайта тикланди. Юртимизнинг қатор соҳаларда эришган ютуқлари йирик халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.
Айнан шу нуқтаи назардан, Парламентлараро Иттифоқнинг 150- юбилей Ассамблеяси юртимизда ўтказилиши бежиз эмас. Чунки, сўнгги йилларда мамлакатимизда янги таҳрирдаги Конституция ҳамда “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида Президентимиз бошчилигида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, гендер тенгликни таъминлаш, илм-фан, технологияни ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, халқлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби соҳаларда сезиларли ижобий натижаларга эришилди.
Ушбу нуфузли анжуман Ўзбекистоннинг мана шундай ижобий тажрибасини жаҳон мамлакатлари билан бўлишиш, ўртоқлашиш имкониятини беради.
Бир сўз билан айтганда, жаҳон парламентларининг энг нуфузли ташкилоти бўлмиш Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясининг Ўзбекистонда ўтгани мамлакатимизнинг халқаро доирада обрўйи ошиб бораётганини ҳам кўрсатади. Мазкур Ассамблея қонун ижодкорлиги ва парламент назорати каби йўналишларда эришган ютуқларимизни хориж парламентарийлари ва жамоатчилигига яна бир карра намоён этишга имкон яратади. Ўзаро тажриба алмашиш ва дунё мамлакатлари манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Завра Абдуллаева,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.
ЎзА.