Open Data Inventory (ODIN) халқаро очиқ маълумотлар индексида 2024 йил якунлари бўйича Ўзбекистон 198 мамлакат орасида 83 балл тўплаб, 12-ўринни эгаллади ва Марказий Осиё минтақасида етакчилик мавқеини сақлаб қолди.
ODIN рейтинги – мамлакатлардаги очиқ маълумотлар сиёсати, расмий статистиканинг очиқлик даражаси ҳамда фойдаланувчиларга тақдим этилаётган маълумотлар қамрови ва сифатини баҳоловчи халқаро кўрсаткич ҳисобланади. Ушбу рейтинг Open Data Watch ташкилоти томонидан ҳар икки йилда тақдим этилади.
Ўзбекистон 2023 йилда мазкур индексда 70 балл билан 30-ўринни эгаллаган бўлса, жорий йилда 18 поғонага кўтарилиб, юқори натижа қайд этди.
Бу ютуқка мамлакатда статистик маълумотларнинг кенг қамровда, аниқ ва тизимли шаклда тақдим этилиши, шунингдек, очиқ маълумотлардан фойдаланиш имкониятларининг яхшиланиши ҳисобига эришилди.
Жумладан, охирги 5–10 йилга тааллуқли статистик маълумотларни вилоят ва туманлар кесимида эълон қилиш, маълумотларни метамаълумотлар билан биргаликда фойдаланувчилар учун қулай форматларда тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилди.
Шунингдек, Миллий статистика қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган «Статистика» интеграллашган ахборот тизими (SIAT) орқали 2 900 дан ортиқ расмий кўрсаткичлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида, 5 хил форматда юклаб олиш имкони билан тақдим этилмоқда.
Ушбу платформа имкониятлари Open Data Watch мутахассислари томонидан ижобий баҳоланиб, Ўзбекистоннинг ODIN рейтингидаги позициясини яхшилашда муҳим аҳамият касб этган.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон сўнгги йилларда ушбу рейтингда барқарор равишда юқори натижаларга эришиб келмоқда. Хусусан, 2017 йилда 18 балл билан 167-ўрин, 2018 йилда 19 балл билан 168-ўрин, 2020 йилда 63 балл билан 44-ўрин, 2022 йилда 66 балл билан 40-ўрин, 2023 йилда 195 та мамлакат орасида 70 балл билан 30-ўринда қайд этилган эди.
Ш.Маматуропова, ЎзА