Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон халқаро майдонда ўз мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда
14:50 / 2025-11-14

Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари бугунги кунда сифат жиҳатидан юксалиш босқичини бошдан кечирмоқда. Бу Ўзбекистоннинг очиқлик, амалий ҳамкорлик ва манфаатларни ўзаро ҳурмат қилишга йўналтирилган ташқи сиёсати амалий натижасидир.

Бугунги кунда жаҳонда геосиёсий вазият тез суръатларда ўзгариб бораётган бир шароитда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири етакчи давлатлар билан мувозанатли ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Халқ депутатлари Қибрай тумани кенгаши депутати Дониёр Юсупов томонлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликлар ҳақида ўз муносабатини билдирди:

–Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли Ўзбекистоннинг нафақат Америка, балки дунё мамлакатлари билан ҳам алоқалари ривожланиб бормоқда.

Жорий йил ноябрь ойининг бошида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига амалий ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида янги босқични бошлаб бергани ниҳоятда қувонарли.

Давлатимиз раҳбарининг АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашуви, “С5+1” форматидаги саммитдаги иштироки ҳамда йирик компания ва молиявий институтлар билан бўлган мулоқотлари мамлакатимиз ташқи сиёсатининг прагматик ва манфаатлар асосидаги йўналишини яна бир бор намоён этди.

Мамлакатимиз етакчиси ўтган ўн йил давомида “С5+1” формати минтақа давлатлари ва АҚШ  ўртасидаги савдо-иқтисодий, транспорт ва энергетика алоқаларини мустаҳкамлаш учун самарали платформага айланганини таъкидлади. Ўз нутқида ҳамкорликни янада институционал ривожлантиришга қаратилган қатор долзарб ташаббусларни илгари сурди.

“C5+1” бугун нафақат минтақадаги сиёсий жараёнлар, балки глобал барқарорлик масалаларида ҳам муҳим роль ўйнай бошлади. Етакчилар иқтисодий барқарорликдан хавфсизликкача бўлган устувор йўналишларда якдил фикр билдирмоқда. Зеро, Марказий Осиёнинг ҳар бир давлатини ягона манфаат - барқарор ривожланиш, тинчлик ва фаровонлик йўли бирлаштиради. 

Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг фаол иштирокини алоҳида таъкидлаш зарур. Чунки айнан Ўзбекистоннинг прагматик ва мувозанатли сиёсатини тан олиш натижасида Марказий Осиё “C5+1” форматидаги мулоқотнинг асосий драйверига айланди. Президентимиз ташаббуси сабаб бу формат янги мазмун касб этди. Геосиёсий эмас, амалий иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликка асосланган механизм сифатида шаклланди. 

Икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳурмат, тенглик ва мувозанат принциплари бугун халқаро муносабатларда намуна бўлмоқда. АҚШ ҳам ана шу жиҳатни тан олган ҳолда, Ўзбекистон фонида минтақани мустақил сиёсий марказ сифатида қабул қиляпти, уни глобал ҳамкорликдаги тенг шерик сифатида кўрмоқда.

Саммитда давлатимиз раҳбари бир қатор амалий ташаббусларни илгари сурди. Доимий фаолият юритадиган Котибиятни ташкил этиш, инвестиция ва савдо бўйича мувофиқлаштирувчи Кенгаш тузиш, “Марказий Осиё инвестициявий шериклиги” жамғармасини йўлга қўйиш, шунингдек, муҳим минералларни қидириш, қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш учун Махсус қўмита тузиш, минтақавий агротехнологик инновациялар шериклигини ташкил этиш каби муҳим ташаббуслар шулар жумласидандир.

Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар минтақадаги барқарорлик ва ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Чунки барқарор ривожланишнинг асоси тинчлик, адолат ва инсонпарвар сиёсатдир.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбарининг АҚШга ташрифи Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги босқичини бошлаб берди. Бу нафақат икки томонлама муносабатлар ривожи, балки мамлакатимиз иқтисодий барқарорлиги, халқаро майдондаги обрўси учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.