Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Ҳар кунингиз бўлсин Наврўз!” шиори остида тадбир ўтказилди
20:25 / 2022-03-30

Уч минг йилдан зиёд тарихга эга Шарқона янги йил – Наврўзи олам янгиланиш ва яшариш фасли баҳор тароватини қалбларга улашиб, барчада янги ва фаровон кунларга умид ҳамда ишонч уйғотиши билан ҳамиша қадрли саналади. Ушбу байрам ҳар биримизда тинч-осуда ҳаётни қадрлаб, неъматларга шукрона келтиришга ундайди.

Биламиз, мазкур баҳор айёми халқаро ҳамжамият томонидан ҳам тан олинган. 2009 йил 30 сентябрда UNESCO томонидан Наврўз байрами инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани ҳам айни ҳақиқат. 2010 йил 19 февраль куни БМТ Бош Ассамблеяси 64-сессиясида 21 мартни “Халқаро Наврўз куни” сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинган. Наврўз байрами халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу тариқа Наврўз бирор бир миллат ёки маданиятнинг байрами сифатида эмас, балки бутун инсоният меросининг ажралмас қисмига айланди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Ҳар кунингиз бўлсин Наврўз!” шиори остида боқий анъана – Наврўз байрам сайли сифатида кенг нишонланди. Тадбир давомида академияда кўп йиллар фаолият юритган фахрий устозлар хонадонига борилиб, байрам туҳфалари ва Наврўз таоми – сумалак улашилиб, барчага меҳр-эътибор кўрсатилди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жамият ҳаёти, инсонлар қалби ва онгида ҳам янгиланиш ва тараққиётга дахлдорлик ҳиссини уйғотмоқда. Жорий йил 17 февралда “2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ҳам имзоланди.

Юртимиз кўп миллатли, турли динлар вакиллари яшайдиган бағрикенг диёр саналади. Эзгулик ва бунёдкорлик қадриятларини тарғиб этувчи Наврўз байрами юртимизда истиқомат қилувчи турли миллат вакилларининг ҳам эътиборида бўлди.

[gallery-6372]

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ташкил этилган Наврўз байрами тантаналарига ташриф буюрган меҳмонларга айёмнинг тарихи, унинг бой маънавий-маърифий аҳамияти ҳақида маълумот берилди. Дошқозонларда қайнаётган сумалак, қолаверса, “Sumalak party” меҳмонларда катта таассурот уйғотди.

Байрамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқ Тошбоев, юртимиздаги диний конфессия вакиллари, хусусан, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари, митрополит Викентий Морарь, Рим католик черкови раҳбари, епископ Ежи Мацулевич, Миллий маданий марказ вакиллари, Академия профессор-ўқитувчилари, ходимлар, академик лицей, “Зиё-зукко” умумтаълим мактаби ўқитувчи-ўқувчилари, академия ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Малака ошириш маркази ходимлари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Маросимни Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов табрик сўзи билан очиб берди. Олий таълим муассасаси раҳбари барчани яна бир бор уйғониш ва янгиланиш айёми Наврўз билан қутлаб, байрам қут-барака элчиси экани, умуминсоний ғоялари билан башарият ҳаётидан тобора чуқур ўрин эгаллаётганини таъкидлади.

Шунингдек, мамлакатимизда истиқомат қилувчи турли миллат ва элат вакилларининг Наврўзни нишонлашга оид урф-одатлари, анъана ва қадриятларини акс эттирган саҳна кўринишлари, шеърий-мусиқий чиқишлар намойиш этилди.

Юқори даражадаги тадбирда халқ ўйинлари, жумладан, кураш, арқон тортиш, тош кўтариш ҳамда “Варрак шоу” ўйинлари ташкил этилди. Баҳорий таомлар танлови, сумалак сайли, ош тайёрлаш мусобақалари ўтказилди. Талабалар ўртасида “Тафаккур эгалари” китобхонлик танлови, спорт ўйинларининг ғолиб ва совриндорларига эсдалик совғалари топширилди.

Бундан ташқари, самарали иш фаолияти ва меҳнати билан барчага ўрнак бўлган академиянинг бир гуруҳ ўқитувчи-ходимларига ташаккурномалар топширилди.

Қайд этиш керак, миллий атлас ва адрас либослари, турли миллат халқ ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси намойиш қилинди. Академия талабалари томонидан Наврўз ва миллий урф-одатларга оид бадиий чиқишлар, “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танлови, республика миллий-маданий марказлари ансамблларининг бадиий чиқишлари байрамга янада файз қўшди.

ЎзА