Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 2022/2023-ўқув йилида илк бор бакалавриатнинг кундузги ва сиртқи таълим шаклларига «Журналистика (халқаро журналистика)” ҳамда магистратура босқичининг «Журналистика (интернет журналистика)” мутахассислигига абитуриентлар қабули эълон қилинган эди.
1-2 август кунлари Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг бакалавриат «Журналистика» (халқаро журналистика) таълим йўналишига касбий (ижодий) имтиҳон бўлиб ўтди.

Дастлаб, Академия Қабул комиссияси мутасаддилари томонидан имтиҳон ўтказиш тартиб-қоидалари ҳақида тушунча берилди. Жараённи адолатли ва шаффоф тарзда ўтказиш мақсадида имтиҳон тўлиқ онлайн трансляция қилинди.
– Республикамиздаги кўплаб олий таълим муассасаларига янги йўналишлар бўйича қабуллар эълон қилинди. Хусусан, сўнгги йилларда диний-маърифий соҳага ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг исботи сифатида Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг жорий йилги қабул жараёнида бакалавриат ва магистратура босқичида Журналистика таълим йўналишининг очилгани ҳам янгилик бўлди ҳамда Академия олдига яна бир муҳим, диний-маърифий соҳага ихтисослашган журналист кадрларни тайёрлаш вазифаси берилди, — дейди Академия Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, профессор Зоҳиджон Исломов.
Касбий (ижодий) имтиҳонларнинг биринчи кунида абитуриентлар ижодий иншо ёзди. Имтиҳон дастури ва баҳолаш мезонига кўра, иншо мавзулари халқаро журналистика тизимида ижтимоий-сиёсий, адабий-тарихий, маданий-маънавий, ахлоқий, ватанпарварлик ва бошқа долзарб масалаларига бағишланганлиги ҳамда журналистик хусусиятга йўналтирилган ва абитуриентнинг ижодий имкониятларини очиб беришга қаратилган бўлиши назарда тутилди.
Касбий (ижодий) имтиҳонларнинг иккинчи кунида абитуриентларнинг халқаро журналистика соҳасига қизиқиши, ижодий қобилияти ва дунёқарашини баҳолаш бўйича оғзаки суҳбат бўлиб ўтди. Унда абитуриентларга журналистика ва жамият тузилиши, матбуот эркинлиги, журналистика принципи ва функцияларининг моҳиятини англаш, халқаро миқёсда содир бўлаётган янгиликлар ва унинг турли соҳаларида юз бераётган ўзгаришлардан хабардорлик даражаси, Ўзбекистон ва жаҳонда юз бераётган сўнгги янгиликлар, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар каби саволлар бериш орқали уларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий ва бошқа соҳалардаги ўзгаришлардан бохабарлик даражаси аниқланди.
Ўтказилган касбий (ижодий) имтиҳонларда иштирок этган абитуриентларни холис ҳамда ҳаққоний баҳолаш мақсадида республикамиздаги етакчи ва нуфузли ОАВнинг вакиллари, шоир-ёзувчилар, журналистлар жалб этилди.
Жумладан, Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Ҳожиматов, «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти бош муҳаррири Салим Дониёров, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси муассислигидаги “Ishonch” ва «Ишонч-Доверие» газеталари таҳририяти бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, Адлия вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шаҳноза Сагатова, “Maʼrifat” газетаси бош муҳаррири Ҳусан Нишонов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги “Ziyo” медиа маркази директори Абдуҳамид Мухторов, Халқ таълими вазирлигининг «Тил ва адабиёт таълими» – «Преподавание языка и литературы» – “Language and literature teaching” илмий-методик журнали бош муҳаррири Матбуот котиби Баҳодир Жовлиев иштирок этди.

– Энг нуфузли ва улуғ даргоҳлардан бири Халқаро ислом академиясида журналистика таълим йўналишининг очилгани фарзандларимиз, бўлажак соҳа вакиллари, журналистлар учун катта имконият бўлди. Ушбу билим масканига фарзандим Умидахон Муродхонова билан ўтказилган имтиҳонларга келдик. Фарзандим қатори барча ўғил-қизларимизга имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, талабалик бахтига муяссар бўлишларини тилаб қоламан, — дейди Наргиза Хайруллаева.
Академияда илк бор очилган «Журналистика» таълим йўналишига ҳужжат топширганлар орасида ўрта-махсус маълумотга эга абитуриентлар билан бир қаторда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган амалиётчи журналистлар ҳам бор.
– Айнан Халқаро ислом академиясида ушбу йўналишнинг очилгани бежиз эмас. Кўп йиллардан бери журналистика соҳасида ишлаб келаман, — дейди абитуриентлардан Боборавшан Ғозиддинов. — Халқаро ислом академиясида журналистика таълим йўналишини очилганини эшитиб, шу ерга топширишга қарор қилдим. Бугун ижодий имтиҳонларда иштирок этиб, берилган мавзулар бўйича фикримизни баён этдик. Имтиҳон жараёнлари шаффоф ўтди. Абитуриентлар ва ота-оналарга яратилган шароитларни кўриб хурсанд бўлдик.
Халқаро журналистика таълим йўналишида ижодий имтиҳон ўтказишдан мақсад — абитуриентнинг ижодий қобилияти, хорижий тилларини ўрганиш ва билишга қизиқиши, мустақил фикрлаш маҳорати, халқаро ахборот бозори ва унинг қонуниятларига оид билимларини аниқлашдир.
Н.Усмонова, ЎзА