Тошкентдаги “Renessans Hall” мажмуасида “Ўзбекистон халқаро бизнеснинг янги маркази сифатида: хорижий компаниялар учун имкониятлар” мавзусидаги халқаро тадбир ташкил этилди.
Тадбирда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, Латвия Республикасининг собиқ Президенти Раймондс Веёнис, Сербия Республикасининг собиқ Президенти Борис Тадич, Халқаро электралоқа иттифоқи собиқ бош котиби Ҳамадоун Туре, Ирландиянинг IDA ташкилоти маслаҳатчиси Шон Макклин, “NEC” корпорацияси собиқ вице-президенти, ҳозирги кунда Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Акиҳиро Сакураи иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов кейинги йилларда соҳада сезиларли ўсишга эришилганини таъкидлади.
Шунингдек, ҳозирги кунда IТ-Парк 2200 дан ортиқ резидентга эга бўлиб, уларнинг 800 дан ортиғи экспорт қилувчи, 540 дан ортиғи хорижий капиталга эга компаниялар эканлиги, 2030 йилгача IТ-Парк резидентлари томонидан экспортга йўналтирилган 300 000 дан ортиқ янги иш ўрнини яратиш режалаштирилгани ҳақида сўз юритди.
Шу билан бирга, конференцияда маҳаллий ва хорижий спикерлар сўзга чиқди.

Латвия Республикасининг собиқ Президенти Раймондс Веёниснинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг сармоявий муҳитдаги ислоҳотлари Европа давлатлари компанияларининг кўпайишини осонлаштиради. Хорижий инвестициялар учун тартиб-таомилларни соддалаштириш ва хорижий компанияларнинг бу ерга келиб ишлаши учун яратилаётган имкониятлар айниқса, Ўзбекистонда IТ-Парк резидентларига бериладиган имтиёзлар 2040 йилгача узайтирилиши инвесторлар учун ишончни ошириб, жозибадор муҳит яратди.
Шунингдек, конференция давомида Ўзбекистонда халқаро IТ бозорга юқори даромад топадиган 300 минг нафар ёш мутахассисларни етказиш салоҳияти борлиги, демография даражаси пасаяётган давлатларга IТ соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш орқали экспортни оширишга етарли имкониятлар мавжудлиги эътироф этилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА мухбири