2023 йилнинг 3 ноябрь куни Япония ҳукумати Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Нуридинов Акмал Ваҳобжоновични мукофотлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Кунчиқар мамлакат ордени юксак натижаларни қўлга киритган шахсларга топширилади. Акмал Нуридиновга бу мукофот Ўзбекистонда япон маданиятини оммалаштириш ва кўп йиллар мобайнида мамлакатларимиз ўртасида маданий алмашинувни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси эътирофи сифатида топширилмоқда.
Япония Ўзбекистоннинг муҳим ва яқин ҳамкори бўлиб, мамлакатларимизни ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган дўстлик ва самарали ҳамкорлик ришталари боғлаб туради. Қайд этиш жоизки, Япониянинг маданий ва маърифий ўзига хослиги Ўзбекистоннинг тарихи ва бугунги ҳаёти билан уйғунликда яшайди.
Икки мамлакат тасвирий санъат ва маданий муассасалари вакиллари ўртасида ўтказиб келинаётган ижодий учрашувлар ва кўргазмалар муносабатларимиз жадал ривожланаётганидан далолатдир.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуридинов маданиятлараро мулоқотни фаол ривожлантиришга улкан ҳисса қўшмоқда. Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма номидаги Халқаро маданият карвон саройи турли ижодий лойиҳаларни амалга ошириш, айниқса ўзбек халқини Япония билан кенг таништиришда давлатларимиз ўртасида боғловчи кўприк вазифасини ўтамоқда.

Таниқли мўйқалам устаси Акмал Нуридинов Бадиий академияга раҳбарлик қилган даврда ижодий мулоқотга, халқларимизни яқинлаштиришга хизмат қиладиган тадбирлар сони ва сифати кескин ортди. Масалан, япон ижодкорларининг “Юзта япон кимоноси”, “Анъанавий япон елпиғичлари”, “Япон икебанаси”, “Эдонинг юзта машҳур тури” каби кўргазмалари мамлакатимиз тасвирий санъат ихлосмандларида ўчмас таассурот қолдирган.
Бундан ташқари, япониялик археолог Кюдзо Катога бағишлаб ўтказилган хотира кўргазмаси, рассом Миро Итонинг «Нара –ҳаёт асослари билан учрашув» мавзусидаги ҳамда Акито Музитанининг «Менинг спортим» номли шахсий кўргазмаси, Нумата Санаэнинг « Асакусанинг ҳикоялари» фотокўргазмаси ҳамда Танабата ва Бон-одори фестиваллари япон маданияти ва санъатига катта қизиқиш уйғотди.
Қайд этиш жоизки, япониялик рассомлар Ўзбекистон амалий санъат биеналлесида жуда фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуридиновнинг ташаббуси билан биеннале доирасида япон мутахассислар иштирокида маҳорат дарсларини ўтказиш яхши анъанага айланди.
Ўзбекистон Бадиий академияси Япония-Ўзбекистон маданий алоқаларини янада ривожлантириш, ижодий лойиҳалар қамровини кенгайтиришга катта эътибор қаратмоқда. Бу ўз навбатида, санъат соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшмоқда.
Н. Усмонова, ЎзА