Бугун Ўзбекистон давлат хореография академиясида Ўзбекистон халқ артисти, балетмейстер, марҳум санъаткор Қундуз Миркаримова фаолиятига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда санъатимиз намоёндалари, хореография мактаблари, театр ва маданият муассасалари вакиллари, шунингдек, Қундуз Миркаримова ижоди бўйича изланиш олиб бораётган тадқиқотчилар, ЎзДХА ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон давлат хореография академияси ректори, профессор Шуҳрат Тўхтасимов кириш сўзи билан очиб, марҳум санъаткорнинг миллий рақс санъатидаги беқиёс ўрни, айниқса, ўзбек рақс санъатини жаҳон саҳналарига олиб чиқишдаги хизматларини алоҳида таъкидлади.
– Қундуз Миркаримова умри давомида хореографиянинг беқиёс балетмейстери, афсонавий ўзбек рақсларининг ижрочиси ва саҳналаштирувчиси сифатида дунёга танилди, - деди ЎзДХА ректори ўз нутқида. – Хитой, Франция, Австрия, Польша, Англия, Шотландия, Бразилия каби дунёнинг ўттиздан ортиқ мамлакатларида бўлиб, ўзбек рақсларини намойиш этди. Санъатимиз дарғаси маҳоратли педагог сифатида кўплаб шогирдлар етиштирди. Унинг шогирдлари орасида бугун давлатимизнинг юксак унвонларига сазовор бўлганлар кўплаб топилади.

Йиғин доирасида Ўзбекистон халқ артисти, балетмейстер Маъмура Эргашева, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Ўғилой Муҳамедова ва Чаросой Жўрабоева, шунингдек, санъатшунос Нурхон Зулинова Қундуз Миркаримованинг ижодий мероси, саҳна ҳаракатидаги ёндашувлари, миллий рақс услубини замонавий балет анъаналари билан уйғунлаштириш тажрибасини алоҳида эътироф этишди.
Шунингдек, конференцияда санъаткорнинг номини абадийлаштириш, ижодий мактабини янада ривожлантириш, ёш балетмейстерлар тайёрлаш тизимида замонавий педагогик ёндашувларни жорий этиш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Айниқса, ёш истеъдодлар томонидан ижро этилган рақслар даврага ўзгача файз бағишлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай илмий-амалий учрашувлар нафақат буюк санъаткор меросини чуқур ўрганиш, балки миллий хореография соҳасининг келгусидаги ривожига ҳам туртки беради.
Маълумот ўрнида: Қундуз Миркаримова 1925 йил Тошкентда туғилган. 1937-1941 йилларда Тамарахоним номидаги балет мактабида таълим олган, 1951 йилда Москвада Катта театр қошидаги хореография билим юртини тамомлаган. Муқимий ва Навоий театрлари, Ўзбекистон давлат филармониясида яккахон раққоса, “Баҳор” ансамбли бадиий раҳбари, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби профессори сифатида фаолият юритган.

У “Ғайратли қиз”, “Катта ўйин”, “Хоразмча рақс”, “Уйғурча рақс”, “Роҳат”, “Жонон”, “Най навоси”, “Баҳор тонги”, “Тановор”, “Занг ўйин”, “Помирча рақс”, “Дилдор”, “Гулруҳ”, “Гулноз” каби мумтоз, халқ, замонавий ва бошқа халқлар рақсларини маҳорат билан ижро этган.
Қундуз Миркаримова Ўзбекистон халқ артисти, Мукаррам Турғунбова номидаги мукофот соҳибаси, 1997 йилда эса “Дўстлик” ордени билан тақдирланган. 2019 йил 94 ёшида Тошкентда вафот этган.
Ирода Аҳмадова,
ЎзДХА “Санъатшунослик” йўналиши 1-босқич талабаси