Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон халқ артисти Қамара Бурнашева таваллудига 105 йил тўлди
08:57 / 2025-03-08

Ватанимиз тарихидаги 8 март санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1220 йил (бундан 805 йил олдин) – тонготар пайтида мўғуллар Самарқандни ўққа тутиб, шаҳарга ҳужум бошлади. Олдинда мўғул ўнбоши бошчилигида ўнтадан бўлиб саф тортиб, байроқлар кўтариб ҳашарчилар боришди, уларнинг паноҳида эса мўғуллар боришди. Ҳашарчиларга ва уларга бошчилик қилаётган мўғулларга дарвозалар олдидан қалъа хандақларини бузиб ташлаш буюрилган эди. Мўғуллар Самарқандга шиддатли ҳужум қилди, бироқ ҳимоячилар бу ҳужумни қайтариб турди. 

1749 йил (бундан 276 йил олдин) – Ҳазрати Имло вафот этди. Ҳазрати Имло ҳижрий 1099 йили (милодий 1687/1688 йили) Бухоро хонлигининг жанубий сарҳадларидан бири, “уммул билад” (шаҳарлар онаси) номи билан машҳур бўлган Балхда таваллуд топади. Тарихчи Абдусаттор Жуманазарнинг қайд этишича, у Бухоро шаҳрига Убайдуллахон ҳукмронлигининг охирги даврларида келган. Ҳазрати Имло Абулфайзхон замонида Бухоро аҳли орасида катта обрў-эътибор қозонади. У Бухородаги ҳаёти мобайнида яшаган гузарида масжид, хонақоҳ, мадраса ва сардоба қурдиради. Кўплаб сўфийлар унинг воситаси ила олий мақомларга эришади. Ҳазрати Имло назмда қалам тебратиб, ажойиб девон тузган.

1917 йил (бундан 108 йил олдин) – Кўқонда ўқитувчидар жамияти томонидан “Кенгаш” журнали чиқарила бошланди. Унинг муҳаррири муаллим Ҳамза Ҳакимзода бўлган. Журналнинг 1- ва 2-сонлари саккиз, 3–5-сонлари 16 саҳифали бўлиб чиққан. 1-сонида таъкидланишича, у “Ҳар икки ҳафтада чиқадурғон таъмими маорифдан боҳис (маърифат ёйишдан баҳс этувчи) журнал”. Бешта сони чиққандан сўнг тўхтаган.

1920 йил (бундан 105 йил олдин) – Хоразмдаги биринчи газета “Инқилоб қуёши” чиқа бошлади. Газета Отажон Абдалов томонидан ҳафтасига уч юз нусхада чиқарилган. 

1920 йил (бундан 105 йил олдин) – Ўзбекистон халқ артисти, хонанда ва актриса Қамара Бурнашева таваллуд топди (вафоти 2000 йил). У Ўзбекистон халқ артисти Аббос Бакировнинг турмуш ўртоғи, Ўзбекистон халқ артисти Ойбарчин Бакированинг онаси. Қамара Бурнашева ноёб ва такрорланмас образлар яратиш орқали Андижон театр санъатининг дарғаларидан бирига айланган, республикамизда ҳам ўз ўрнига, нуфузига эга санъаткор бўлган. У серқирра актриса бўлиб, ўткир ҳажвий, лирик ва мураккаб психологик роллар устаси сифатида танилган. Унинг ўзбек театр ва қўшиқчилик санъатини ривожлантиришдаги хизматлари муносиб баҳоланган. У 1960 йили “Ўзбекистон халқ артисти” унвони, 1998 йили “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.

1926 йил (бундан 99 йил олдин) – тергов органлари Абдулла Қодирий хонадонини тинтув қилиб, ёзувчини қамоққа олди. Бир неча кун Қодирий нима сабабдан қамалганини, айби нимадан иборат эканини аниқ билмайди, уни вақтида сўроқ ҳам қилишмайди. Ниҳоят, 22 март куни у терговга чақиришларини сўраб Давлат сиёсий бошқармаси комендантига ариза ёзади. Рус тилида битилган аризада шундай дейилган:

“Шу йилнинг 8 мартида ҳибсга олиндим ва ҳанузгача назорат остида қамоқда сақланиб келинмоқдаман. Ҳалигача сўроққа чақирилганим йўқ. Умуман не гуноҳларим учун айбланаётганлигим мен учун қоронғи. Заррача бўлса-да, ўзимни гуноҳкор сезаётганим йўқ. Шундай бўлса-да, менииг ишим кимда эканлигини аниқлаб, терговга чақиришларингизни сўрайман. Акс ҳолда ўзимни қурбон қилсам-да, 24 мартдан бошлаб очлик эълон қиламан”.

2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Мағкамасининг “Қашқадарё вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарор билан Қашқадарё вилоятида янги туризм йуналишларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади