Мамлакатимиз туризм соҳасини жадал ривожлантириб, етакчи халқаро тузилмалар билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда.
Хусусан, World Travel & Tourism Council (WTTC) — туризм ва меҳмондўстлик индустриясининг етакчи компанияларини бирлаштирувчи халқаро ташкилот билан ҳамкорлик доирасида мамлакат туризм соҳасида хавфсизлик, хизмат кўрсатиш сифати ҳамда рақамлаштириш стандартларини оширишга қаратилган муҳим ташаббусларни муҳокама қилмоқда.

Берлин шаҳрида бўлиб ўтган “ITB Berlin 2026” халқаро туризм кўргазмасида WTTC билан ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов ҳамда WTTC президенти Глория Гевара Манзо мамлакатнинг ташкилот глобал ташаббусларида иштирок этиш истиқболлари ҳамда туризм соҳаси стандартларини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.
Хусусан, WTTC таҳлилий маълумотларидан фойдаланган ҳолда туризмнинг Ўзбекистон иқтисодиётига қўшган ҳиссасини аниқ баҳолаш, инвестиция имкониятларини илгари суриш, етакчи халқаро меҳмонхона ва ресторан тармоқларини жалб этиш, шунингдек, мамлакатнинг халқаро туризм бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида Ўзбекистоннинг WTTCга аъзо бўлиши, шунингдек WTTC билан ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тайёрлаш (Саудия Арабистони, Италия ва Мальта тажрибаси асосида) бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Ушбу ҳамкорлик доирасида туризм соҳасининг чуқур аналитик тадқиқотини ўтказиш, WTTC аъзолари ва инвесторлар билан B2B/B2C учрашувлар ташкил этиш, инвестицион лойиҳалар ҳамда Ўзбекистон туризм брендини WTTC платформаларида тақдим этиш, шунингдек барқарор ва рақамли туризм масалаларида эксперт кўмагини олиш режалаштирилган.
Мазкур омилларни инобатга олган ҳолда, “WTTC Global Summit” ёки ташкилотнинг ҳудудий саммитларидан бирини Ўзбекистонда ўтказиш мантиқий қадам сифатида қаралмоқда.
Саммитнинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатни барқарор ва рақамли туризм платформаси сифатида намоён этиш, халқаро компаниялар ва инвесторларни жалб қилиш ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон туризм харитасидаги мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА