Ўзбекистон волейболчилари жорий йил Осиё қитъасида ўтказиладиган 6 та расмий халқаро мусобақаларда иштирок этади. Ушбу нуфузли ўйинларнинг биттаси Ўзбекистонда ўтказилади.
Бу ҳақда Осиё волейбол конфедерациясининг 2022 йилги тақвим режасига бағишланган онлайн йиғилишда эълон қилинди.
Онлайн шаклда ўтган анжуманда қитъа волейбол конфедерацияси раҳбарлари ва 30 дан зиёд давлатларнинг вакиллари қатнашди.

Унда таъкидланганидек, жорий йилги тақвим режага биноан Осиё минтақасида 10 та йирик волейбол мусобақаси ташкил этилади. Шунингдек, конференция давомида XIX ёзги Осиё ўйинларигача бўлган даврда ўтадиган мусобақалар учун қуръа ташланди.
Унга кўра, Ўзбекистон волейболчилари 6 та халқаро волейбол мусобақаларида иштирок этади.

Айтиш жоиз, турли ёш тоифасидаги эркаклар ва аёллар терма жамоалари ўртасида ўтадиган мусобақаларнинг ҳар бири ўта муҳим чемпионатлар саналади. Айнан ушбу баҳслар миллий жамоаларнинг жаҳон лигасига чиқиш, халқаро майдондаги ўрнини белгилашда ўта муҳим ҳисобланади.
Осиё волейбол конфедерациясида ижроия қўмита аъзоларининг овоз бериши ҳамда мамлакатимиз волейбол жамоаларининг ўтган йилдаги кўрсаткичларига асосан Ўзбекистон терма жамоалари қитъа миқёсида ўтадиган 6 та халқаро мусобақада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

– Ушбу натижа Ўзбекистон волейболи учун катта юксалишдан далолат. Боиси, шу пайтгача мамлакатимиз бир йилда шунча кўп халқаро волейбол чемпионатларида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлмаганди. Энг муҳими тарихда илк бор терма жамоамиз бу йил Хитойда ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари учун кечадиган саралаш баҳсларининг асосий босқичларида қатнашишади. Бу бизнинг эркаклар ва аёллар жамоамиз биринчи марта Осиёда ўтадиган “кичик олимпия ўйинлари”да қатнашишидан далолат, – дейди Ўзбекистон волейбол федерацияси бош котиби Ҳусан Насруллаев.

Қуръа натижаларига кўра, мамлакатимиз волейболчилари қўйидаги халқаро мусобақаларда қатнашиш шарафига муяссар бўлишди:
"Women’s club volleyball championship" (24-30-апрель, Қозоғистон): Қозоғистон (А ва В жамоалари), Таиланд, Эрон, Ўзбекистон, Япония.
Қизлар ўртасида U-17 Осиё чемпионати (6-13-июнь, Ўзбекистон, Тошкент). А гуруҳи: Ўзбекистон, Таиланд, Корея Республикаси, Австралия, Эрон.

Қизлар ўртасида U-19 Осиё чемпионати (6-13-июнь, Қозоғистон). В гуруҳи: Япония, Вьетнам, Ўзбекистон.
Аёллар ўртасида "Chellenj kubog" (22-28-август, Гонконг). В гуруҳи: Мўғулистон, Янги Зеландия, Ўзбекистон, Шри-Ланка.
"Men’s club volleyball championship" (14-20-май, Эрон): А гуруҳи: Эрон, Таиланд, Ўзбекистон, Япония.
Эркаклар ўртасида "Chellenj kubog" (24-август – 4-сентабрь, Гонконг). В гуруҳи: Саудия Арабистони, Шри-Ланка, Ўзбекистон, Қувайт.
Т. Рўзиев, ЎзА