Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон волейбол федерациясининг 2025 йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинди
18:57 / 2025-12-25

Пойтахтимиздаги “Ренессанс” кино уйи анжуманлар залида Ўзбекистон волейбол федерациясининг 2025 йил сарҳисоби ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, сўнгги йилларда Ўзбекистон волейбол федерацияси томонидан мамлакатимизда волейбол спорт турини ривожлантириш, ёш иқтидорларни саралаб олиш ва тайёрлаш, мураббийлар ҳамда ҳакамлар салоҳиятини юксалтириш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш йўналишида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, U19 жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш мақсадида Ўзбекистон U19 терма жамоаси аъзолари Россия, Беларусь ва Словения давлатларида ўқув-йиғин машғулотларида иштирок этди. Ушбу йиғинлар ёш спортчиларнинг жисмоний ва техник-тактик тайёргарлигини ошириш, халқаро тажрибасини бойитишда муҳим аҳамият касб этди.

Йил давомида республика миқёсида 40 дан ортиқ маҳаллий мусобақалар ташкил этилди. Шу билан бирга, 8 та халқаро мусобақага Ўзбекистон мезбонлик қилди. Республика чемпионатлари, Ўзбекистон кубоги, ўқув-йиғин машғулотлари ҳамда “Беш ташаббус” доирасидаги мусобақалар режа асосида ўтказилди.

[gallery-26909]

Айниқса, Ўзбекистон кубоги мусобақаси тарихий кўрсаткичлар билан ажралиб турди. Илк бор ушбу мусобақада қатнашувчи аёллар жамоалари сони 15 тага, эркаклар жамоалари эса 24 тага етди. Мазкур мусобақада жорий йилда ташкил этилган Ички ишлар вазирлиги академиясининг “Академия” клуби ҳамда Тошкент давлат транспорт университетининг “Афросиёб” жамоалари ҳам иштирок этди.

Мутахассислар салоҳиятини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Навоий каби 8 та ҳудудда жисмоний тарбия ўқитувчилари ва волейбол мураббийлари учун ўқув-семинарлари ташкил этилди. Семинарлар жараёнида иштирокчиларнинг билим ва амалий кўникмалари бевосита синовдан ўтказилди. Шунингдек, барча ҳудудларга 50 тадан волейбол тўплари, тўрлар, аравачалар ва зарур спорт инвентарлари етказиб берилди.

Халқаро ҳамкорлик йўналишида ҳам самарали ишлар амалга оширилди. 2024 йил Неаполь шаҳрида бўлиб ўтган AVC йил якунлари тадбирида Ўзбекистон волейбол федерацияси йил давомида амалга оширилган ишлари учун 3 та номинация бўйича ғолиб деб топилди.

Спорт инфратузилмасини ривожлантириш йўналишида олиб борилган тизимли ишлар натижасида республика бўйича мавжуд 10 минг 898 та мактабнинг 10 фоизида волейбол тўгараклари фаолияти тизимли йўлга қўйилди. Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги томонидан жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда, волейбол спорт турини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳакамлар корпусини жаҳон стандартлари асосида шакллантириш масаласи ҳам эътибор марказида бўлди. Йил давомида 3 та маҳаллий ва 1 та халқаро нуфузли семинар ўтказилди. Халқаро семинар якунларига кўра, FIVB халқаро ҳакам тоифасини олган 21 нафар ҳакамдан 3 нафари Ўзбекистон вакиллари экани эътиборли натижа сифатида қайд этилди.

Қатор хорижий давлатлар федерациялари билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди. Жумладан, U16 қизлар терма жамоаси Озарбайжонда ўқув-йиғин машғулотларида иштирок этди. Кейинчалик озарбайжонлик ёш волейболчилар Ўзбекистонда меҳмон бўлди. Йил якунида эса Қозоғистон волейбол федерацияси вице-президенти Арман Кабесов билан учрашув ўтказилиб, икки давлат ўртасида волейболни ривожлантиришга қаратилган муҳим келишувларга эришилди.

Бухоро вилоятидаги 200 та мактабда соҳил волейболи майдонлари тайёрланди. Шунингдек, “Жар” спорт-соғломлаштириш маркази ҳамда “Камалак” соғломлаштириш оромгоҳларида халқаро стандартларга жавоб берадиган соҳил волейболи майдонлари барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.

Умуман олганда, 2025 йилда Ўзбекистон волейбол федерацияси томонидан амалга оширилган ишлар мамлакатимизда волейбол спорт турининг оммалашуви, ёшлар ва мутахассислар салоҳиятининг ошиши ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро спорт майдонидаги нуфузини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшди.

Дарвоқе, тантанали тадбирда жорий йилда фаол бўлган спортчилар, мураббийлар ва соҳа мутахассислари орасида турли номинациялар бўйича йилнинг энг яхшилари тақдирланди.

Жавоҳир Тошхўжаев, Носир Ҳайдаров, Ўктам Ҳайитов