Самарқандда Ўзбекистон-Венгрия ректорларининг учинчи форуми ўтказилди.
“Рақамли даврда олий таълим: сунъий интеллект, инновацион моделлар ва глобал рақобатбардош университетлар” мавзусидаги форумда икки давлат олий таълим соҳаси масъуллари ва етакчи олий таълим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Анжуманнинг очилишида Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Венгрия ректорлар конференцияси президенти Бела Меркели, Венгриянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жозеф Розса ва Обуда университети ректори Левенте Ковач сўзга чиқиб, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. 2017 йилда имзоланган таълим, фан ва маданият соҳаларидаги ҳукуматлараро битим асосида давлатларимиз ўртасидаги таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик ҳам янги босқичга кўтарилиб, изчил ривожланмоқда.
[gallery-27994]
– Дастлаб Венгрия билан олий таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик йўналишлари асосан академик дастурларни амалга ошириш, талабалар ва ўқитувчилар алмашинувини ўз ичига олди, – деди Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов. – 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, Венгрия ҳукумати Ўзбекистон фуқаролари учун “Stipendium Hungarichum” стипендия дастури доирасида таълим грантлари квотасини ажратишни бошлади ва дастлаб стипендия ўринлари 30 тани ташкил қиларди. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб квоталар сони 200 ўринга етди. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 50 дан ортиқ олий таълим ташкилоти Венгриянинг 30 дан зиёд университет ва илмий-таълим ташкилотлари билан турли йилларда имзоланган 100 га яқин ҳамкорлик тўғрисидаги битим ва англашув меморандумлари асосида ҳамкорлик алоқаларини амалга ошириб келмоқда.
Ўзбекистон-Венгрия ҳамкорлигидаги ахборот технологиялари, сунъий интеллект, муқобил энергия манбалари, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва экологик лойиҳаларни қамраб олувчи 17 та стартап лойиҳа молиялаштирилган.
Венгрия ректорлар конференцияси президенти Бела Меркели ҳам илк босқичда мулоқот ва ўзаро танишув билан бошланган ҳамкорлик бугунги кунда аниқ институционал шериклик, талабалар алмашинуви дастурлари ҳамда қўшма илмий-тадқиқот лойиҳалари орқали янги мазмун касб этаётганини таъкидлади.
– Венгрия олий таълим муассасалари Ўзбекистон университетлари билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор, – деди Бела Меркели. – Мавжуд қўшма ташаббуслар ва амалга оширилаётган лойиҳалар муносабатларимиз мустаҳкам пойдеворга эга экани ва уларда янада кенг имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Илм-фан, инновация ва таълим соҳаларида аниқ натижаларга эришиш эса барчамизнинг умумий мақсадимиздир. Самарқанд шаҳри мезбонлик қилаётган навбатдаги форумимиз муносабатларимизни янада мустаҳкамлаш ва янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Форум доирасида таълим тизимига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, инновацион таълим моделларини ривожлантириш, университетлар ўртасидаги илмий тадқиқотлар, қўшма лабораториялар ташкил этиш, технологиялар трансфери ҳамда “университет–саноат” ҳамкорлигини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир ялпи мажлис ва бир нечта параллел сессиялардан иборат бўлиб, уларда икки мамлакат ректорлари ва экспертлари томонидан замонавий олий таълимни ривожлантириш, инновациялар ва стартапларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ёшлар илмий фаоллигини оширишга доир тақдимотлар ўтказилди.
Форум якунида Ўзбекистон ва Венгрия олий таълим муассасалари ўртасида 20 дан ортиқ янги ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Ушбу келишувлар қишлоқ хўжалиги, муҳандислик, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, энергетика, тиббиёт ва педагогика каби устувор йўналишларда қўшма таълим ва илмий тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади.
Тадбирлар доирасида Венгрия делегацияси Самарқанддаги олий таълим муассасалари фаолияти билан танишди, тарихий-маданий объектларда бўлди.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари