Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Ўзбекистондаги Венгрия элчихонасининг савдо-иқтисодий масалалари бўйича маслаҳатчиси Янош Ваникни қабул қилди.
Мулоқот чоғида Венгрия элчихонасининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ўзгаришлар ҳамда кенг кўламли ислоҳотларни олқишлашини ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади.

Суҳбат чоғида ҳудудлар ўртасида ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзаро тенг манфаатли алоқаларни кенгайтириш учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Шунга кўра, турли соҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодий, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, нефт-кимё, туризм, таълим, тиббиёт, маданият ва бошқа жабҳалардаги шерикликни янада чуқурлаштириш, бунда Венгрия етакчи компанияларининг илғор тажрибаси ва замонавий технологияларини жорий этган ҳолда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Учрашувда қайд этилган таклифлар асосида “Йўл харитаси” ишлаб чиқишга келишиб олинди. Янош Ваник Бухоро вилоятининг Венгрия билан манфаатли алоқаларни янада ривожлантириш, инвесторларни кенг жалб қилишга ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини билдирди.
Зариф Комилов, ЎзА