Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Венгрия бизнес форумида кўплаб ҳужжатлар имзоланди
20:57 / 2024-05-07

Пойтахтимизда Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Венгрия Ҳукуматлараро комиссиясининг 9-мажлиси доирасида бизнес-форум бўлиб ўтди. Анжуманда сўзга чиққан икки мамлакат делегациялари раҳбарлари – Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто узоқ муддатли муносабатни янада мустаҳкамлаш, ишбилармон доираларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил ислоҳотлар юксак самара бераётганини қайд этдилар.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда икки мамлакат стратегик шериклиги тобора мустаҳкамланиб, амалий алоқалар жадал ривожланаётир. Барча даражалардаги фаол мулоқот натижасида товар айирбошлаш ҳажми қисқа муддатда икки баробар кўпайди, қўшма лойиҳа ва корхоналар сони муттасил ошмоқда.

Бизнес-форумда саноат, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, логистика, кўчмас мулк объектлари қуриш каби муҳим йўналишларда қўшма лойиҳаларни кўпайтириш зарурлиги ўзаро маъқулланди.

200 дан ортиқ ишбилармон доира вакиллари, вазирлик, идоралар раҳбарлари, экспертлар иштирокида кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди, савдо алоқаларини кенгайтиришга хизмат қиладиган янги истиқболли йўналишлар белгиланди.

[gallery-17318]

Инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди, “B2B” ва “G2B” форматида 130 дан зиёд учрашув ташкил этилди. Тадбиркорлар қўшма корхоналар ташкил этиш, ўзаро манфаатли савдо шартномалари тузишнинг амалий жиҳатларини батафсил муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар.

Форум якуни бўйича қатор икки томонлама ҳужжатлар – инвестиция келишувлари, экспорт шартномалари имзоланди.

– Венгрия Европадаги ривожланган давлатлардан бири сифатида, айниқса, таълим, жумладан олий таълим соҳасида улкан салоҳиятга эга, – дейди “Тошкент давлат ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети проректори Абдулҳаким Салоҳиддинов. – Бугунги анжуман доирасида давлатларимиз етакчи олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу ҳужжат ҳар икки томонга энг илғор услублар ёрдамида, замон талаби даражасида илмий тақдиқот олиб бориш, профессор-ўқитувчилар, талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, малакали мутахассислар тайёрлаш йўналишида тажриба ошириш имконини беради, шерикликнинг кейинги босқичига кенг йўл очади.

Қайд этилганидек, ҳозирги кунда икки давлатнинг банк-молия сектори, қишлоқ хўжалиги, транспорт-логистика, машинасозлик, фармацевтика, сув хўжалиги ва бошқа тармоқларида қатор инвестиция лойиҳалари, савдо шартномалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Гўзал Сатторова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА