Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Венгрия: балиқ наслчилигида янги давр
16:17 / 2025-11-19

Ўзбекистонда балиқчиликни ривожлантириш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, ҳосилдор балиқ зотларини кўпайтириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибаларни ўзлаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Тошкент вилоятида ана шу мақсадда “Ўзбекистон – Венгрия наслчилик маркази” ташкил этилмоқда.  Мазкур марказ орқали мамлакатга Европа стандартларига мос, тоза наслли, юқори ҳосилдор балиқлар олиб кирилиб, маҳаллий иқлим шароитига мослаштирилиши режалаштирилган.  

Қайд этиш керак, жорий йилнинг 17 апрель куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси, Ветеринария қўмитаси ва Венгриянинг HAKI институти ўртасида муҳим келишув имзоланган эди. Келишувга асосан, Венгриядан балиқнинг 16 та тоза наслли карп тури Ўзбекистонга босқичма-босқич олиб келинади. Танлаб олинган генофонд асосида мамлакат иқлимига тўла мослашувчан, юқори самара берувчи балиқ турлари яратилади. Ҳозирда “TCT Fish cluster”, “Professional Business Assessments” ҳамда HAKI институти ўртасида карп, судак ва Европа лаққа балиқларининг личинка ва чавоқларини етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланган бўлиб, бу келишувлар маҳаллий фермер хўжаликларини сифатли насл маҳсулот билан таъминлашга хизмат қилади.  

HAKI институти ва Венгрия Қишлоқ хўжалиги университети мутахассисларининг мамлакатимизга ташрифи доирасида “TCT Fish cluster”, “Xorrot Fish House”, “Yangiyer baliq”, “Navro‘z qut baraka” ва “Bakra Aqua Tech” каби хўжаликлар фаолияти ўрганилди, умумий лойиҳани ишлаб чиқиш бўйича мулоқотлар ўтказилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ўтказилган музокараларда Ўзбекистондаги балиқчилик технологиялари Венгрия тажрибасига яқинлиги алоҳида эътироф этилди. Наcлчилик маркази лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди. Мутахассислар фикрига кўра, мамлакатимизда ташкил этилаётган марказ фаолияти орқали балиқ зотлари янгиланади, юқори ҳосилдорликка эришилади. 

 

“Ўзбекистон – Венгрия наслчилик маркази” балиқчилик соҳасида янги босқични бошлаб беради. Европа тажрибаси ва маҳаллий имкониятлар уйғунлашиши натижасида мамлакатда юқори сифатли насл балиқлари етиштириш кенг йўлга қўйилади. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлиги, экспорт салоҳияти ва фермер хўжаликлари даромадининг ўсишига хизмат қилади.  

Камола ЮСУПОВА, ЎзА