Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон вазирлиги яна бир халқаро ташкилот аъзоси
15:25 / 2021-12-06

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Альянс 8.7 халқаро ташкилоти аъзосига айланди.

“Альянс 8.7” – БМТнинг 2030 йилга қадар барқарор ривожланиш мақсадлари 8.7 бандига мувофиқ, барқарор иқтисодий ўсишни ривожлантириш ҳамда тўлиқ бандлик ва муносиб меҳнат бўйича глобал ҳамкорликка қаратилган халқаро платформа ҳисобланади. Тузилма котибияти Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан бошқариб келинмоқда.

“Альянс 8.7” фаолияти инклюзивлик тамойилига асосланиб, ҳукумат, ишчи ва иш берувчи ташкилот, БМТ идоралари, хусусий сектор, шунингдек, илмий доира ва фуқаролик жамияти институтлари иштироини назарда тутади. Ҳамкор сифатида Альянсда қатнашиш 8.7 топшириғини бажаришга қаратилган дастурларни фаол жорий қилиш, шу билан бирга, халқаро стандартга, жумладан, меҳнат ва бандлик соҳасидаги мезонларга риоя қилиш мажбуриятини тақозо этади.

Бугунги кунга келиб, ХМТ, ЕХҲТ, БМТ ТД, ЮНИСЕФ сингари нуфузли халқаро ташкилотлар, академик тузилмалар, давлат бошқаруви институтлари, хуллас, бутун дунё бўйлаб 242 ташкилот “Альянс 8.7” ҳамкори ҳисобланади.

Мазкур ташкилот ҳамкорига айлангач, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ишлаб чиқариш ва сотиш занжири, миграция, қонун устуворлиги сингари ҳаракатдаги гуруҳларга қўшилади. Шу орқали энди кўрсатилган йўналишлар бўйича ўтказиладиган тадқиқот натижаларини мувофиқлаштириши, кечиктириб бўлмайдиган масалаларни амалга ошириш юзасидан бошқа аъзо ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш мумкин.

Вазирликнинг “Альянс 8.7”га қўшилиши болалар ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини, айни соҳадаги турли халқаро индексларда Ўзбекистон нуфузи ва ўрнини янада оширишга кўмаклашади. Қолаверса, муносиб меҳнат соҳасидаги халқаро ташкилотлар ва ривожланган давлатлар ваколатли органлари билан тўғридан-тўғри муносабат юритишни кенгайтириш, меҳнат шароити ва меҳнат муҳофазасини янада яхшилаш имконини беради. Шунингдек, меҳнат миграцияси жараёнини тартибга солиш бўйича ташкилотлар билан ҳамкорлик кўлами кенгаяди. Меҳнат миграциясига оид қонунчиликка халқаро стандартни жорий этиш, одам савдосига, мажбурий меҳнатга қарши курашиш, меҳнат миграциясига оид лойиҳаларни амалга ошириш учун зарурий ресурс, малакали хорижий мутахассислар жалб қилинишига йўл очади.

 

Гўзал САТТОРОВА, ЎзА