French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Япония олий таълим муассасалари ректорлари форуми
16:47 / 2025-10-30

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва Япония олий таълим муассасалари ректорларининг бешинчи форуми ўз ишини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Япониянинг Таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган навбатдаги форум “Билим ва жамият ўртасидаги уйғунлик: инсон тараққиёти ва инновациялар йўлида фанлараро ёндашувлар” мавзусида ўтказилмоқда.  

Тадбирда вазирликлар, Япониядаги 15 дан зиёд  ва Ўзбекистондан 30 га яқин етакчи олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этмоқда.  

Форумнинг очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Япония таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазири ўринбосари Ҳироши Масуко, Япониянинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор  элчиси Кэнжи Хирата, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов ва бошқалар сўзга чиқиб, кейинги йилларда анъанавий касб этган мазкур тадбир икки мамлакат ўртасидаги таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини ривожлантириш ҳамда академик алмашинувларни янада кенгайтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.  

– Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди, – деди Қўнғиротбой Шарипов. – Ҳозир мамлакатимиздаги олтита олий таълим муассасасида япон тили тизимли равишда ўқитиб келинмоқда. 1184 нафар талаба япон тилини асосий йўналиш ва биринчи чет тили сифатида, 500 дан ортиқ талаба эса иккинчи чет тили сифатида ўқимоқда. Ўз навбатида Япония олий ўқув юртларида 2315 нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Бизнинг асосий мақсадимиз университетлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаб, ҳамкорликни аниқ натижа берувчи лойиҳаларга айлантиришдир.

[gallery-25993]

Форум ялпи мажлисида икки мамлакат олий таълим муассасалари раҳбарлари ва нуфузли экспертлар асосий маърузалар билан иштирок этдилар. Таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари, инсон капиталига сармоя киритиш, фанлараро ёндашувлар асосида интеллектуал жамиятни шакллантириш ҳамда қўшма илмий-тадқиқот йўналишларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Жумладан, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ва Тскуба университети ўртасида ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди.  

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари