Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов Япониянинг Нагоя иқтисодиёт университети кузатув кенгаши раиси Суэока Ҳитоши ва президенти Ҳаруо Сабурини қабул қилди.
А.Бурхонов Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ҳамда Нагоя иқтисодиёт университети билан йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик, 2024-2025 йилларга мўлжалланган “Инвестиция муҳитини яхшилаш мақсадида коррупцияга қарши чораларни қўллаб-қувватлаш” техник кўмак лойиҳасининг аҳамияти ва натижаларини мамнуният билан қайд этди.

Учрашувда Агентлик ва Нагоя иқтисодиёт университети ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, давлат харидлари соҳасида манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик ҳолатларини аниқлаш механизмларини кучайтириш, давлат хизматчилари учун “ҳалоллик вакцинаси” тамойили асосида одоб-ахлоқ қоидалари бўйича ўқув дастурларини ташкил этиш каби йўналишларда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича Агентлик томонидан илгари сурилган таклифлар муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи ҳамкорлик битимини имзолаш бўйича келишувга эришди.
Шу билан бирга, режалаштирилаётган тадбир ва лойиҳаларни ҳар томонлама пухта кўриб чиқиш, уларни амалга оширишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда келгуси мақсад ва вазифаларни белгилаб олиш мақсадида мазкур масалалар бўйича муҳокамаларни навбатдаги мулоқотда давом эттиришга келишиб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА