French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Япония иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш чораларини кўряпти
00:39 / 2020-12-15

Мамлакатимиз ҳукумати делегациясининг Японияга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Хироши Кажияма билан музокара ўтказди.

Конструктив ва мазмунли мулоқот давомида иқтисодий шерикликни кенгайтириш, икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ва ўзаро савдо алоқаларини мустаҳкамлаш истиқболи муҳокама қилинди.

Суҳбат давомида, хусусан, Япония ҳукумати томонидан молиялаштирилиши орқали энергетика, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида ишлаб чиқилаётган лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича режалар белгилаб олинди.

Япония томони Ўзбекистон ҳукуматининг бозор механизмини босқичма-босқич жорий этиш ва мамлакат иқтисодий ривожланишида хусусий сектор ролини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини таъкидлади, иқтисодиётнинг турли соҳаларидаги лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш учун Япония капитали ва технологияларини жалб этишдан манфаатдорлик билдирилди.

Ўзаро савдо ҳажмини, хусусан, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноати маҳсулотларини Японияга етказиб бериш билан боғлиқ ташқи савдо операцияларини кўпайтириш орқали ошириш механизми алоҳида тартибда кўриб чиқилди.

Томонлар, шунингдек, иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбек-Япон ва Япон-Ўзбек қўмиталарининг 16-чи йиғилиши билан бир вақтда иқтисодий ва саноат ҳамкорлиги бўйича Ўзбекистон – Япония Ҳукуматлараро комиссиясининг 1-йиғилишини ташкил этиш билан боғлиқ қатор масалаларни муҳокама қилдилар. 

Ушбу тадбирлар учун дастлабки сана сифатида 2021 йил март ойи белгилаб олинди. Шунингдек, Япония томони Ўзбекистонни 2025 йили Осака шаҳрида ўтказиладиган ЭКСПО Бутунжаҳон кўргазмасига таклиф қилди.

Музокара якунида икки томонлама инвестициявий, саноат, технологик ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни илгари суришни мувофиқлаштирувчи асосий идоралар сифатида Япония Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш тўғрисида келишувга эришилди.

ЎзА