Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Япония бинолар қурилишида сейсмик хулосалар бериш бўйича ҳамкорлик қилади
08:58 / 2022-07-05

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Қурилиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов иштирокида брифинг ўтказилди. Маълум қилинишича, Қурилиш вазирлиги мутасаддиларидан иборат делегациянинг яқинда Японияга қилган ташрифи қурилиш соҳасида илмий ва амалий ҳамкорликнинг янги йўналишларни белгилаб берди.

Ишчи гуруҳ дастлаб, Япониянинг Ер ресурслари, инфратузилма, транспорт ва туризм вазирлигида бўлди. Музокараларда шаҳарлар бош режаларини ишлаб чиқиш, баланд бинолар қуриш, шаҳарлар реновацияси, зилзилабардошлик ва ёнғин хавфсизлиги, қурилиш нормалари ва стандартлари каби масалаларда ўзаро фикр алмашилди, кўплаб натижаларга эришилди.  

Келгусида Япониянинг Ер ресурслари, инфратузилма, транспорт ва туризм вазирлиги кунчиқар мамлакатнинг қурилиш стандартлари тўпламларини тақдим қилади, биноларни сейсмик кўрикдан ўтказиш, уйларнинг зилзилабардошлилик хусусиятларини кучайтириш бўйича мутахассисларимиз малакасини оширишга кўмаклашади.  

Япониянинг қурилиш маркази президенти билан кечган учрашувда ҳам муҳим ҳужжатлар имзоланди. Хусусан, Қурилиш вазирлиги қошидаги қурилишда техник меъёрлаш маркази ҳамда Япониянинг қурилиш маркази ўртасида 2025 йилгача 150 нафар ходимнинг малакасини ошириш, мамлакатимизда сейсмикага доир норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш борасида ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.  

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, яъни ЖАЙКА ташкилотида бўлган учрашув якунларига кўра, қурилиш соҳасидаги ёш мутахассисларимизнинг ушбу давлатда стажировка ўташларига эришилади. Япония сейсмик изоляция жамиятида бўлиб ўтган музокаралар ҳам самарали бўлди. Эндиликда ушбу жамият аъзолари юртимиздаги қурилиш жараёнларида зилзилабардошлик бўйича нормативларни такомиллаштириш юзасидан ўз талифлари билан иштирок этишади.  

Жумладан 50 метр ва ундан юқори бўлган ҳамда алоҳида конструкциявий аҳамиятга эга бинолар лойиҳаларига сейсмик жиҳатдан экспертиза хулосаларини беришда япониялик мутахассислар билан ҳамкорлик қилинадиган бўлди. Архитектура, қурилиш муҳандислиги ва пудрат ишлари ташкилотида ўтказилган учрашувда қурилиш вазирлиги делегацияси қурилиш майдонининг ҳақиқий ўлчамдаги моделини кўздан кечирди ва у ердаги тажрибани ўзбекистонлик мутахассислар амалиётида қўллашга келишиб олинди.  

Келажакда техник назоратни амалга оширувчи ходимлар учун ана шундай реал тренинг майдонлари ташкил этилади. Гап шундаки, Қурилишда бошқарув жараёнини инновацион технологиялар асосида роботлаштириш, қурувчи принтерлардан фойдаланиш, сейсмик симуляция қурилмалари ёрдамида зилзилабардошликни ҳисоблаш каби соҳада муҳим бўлган лабораториялар аналогини Ўзбекистонда ҳам ташкил этиш бўйича ҳамкорлик қилинади. 

 

Шаҳноза Маматуропова,  
ЎзА мухбири