Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги (ЎзМАДА) ҳамда Япония антидопинг агентлиги (JADA) ўртасида антидопинг соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат икки мамлакат антидопинг тизимлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши билан аҳамиятли.
Меморандум ЎзМАДА ва JADA ўртасида ҳуқуқий асос яратиб, антидопинг фаолиятини янада самарали, уйғун ва халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этишга хизмат қилади. Келишув доирасида томонлар допинг синовлари ва текширувлар, таълим ва профилактика дастурлари, натижаларни бошқариш, илмий тадқиқотлар ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш йўналишларида тажриба алмашишни йўлга қўяди. Шунингдек, илғор амалиётлар ва ахборот ресурсларидан самарали фойдаланиш кўзда тутилган.
Мазкур ҳамкорлик соф спорт тамойилларини ҳимоя қилиш, халқаро мусобақаларда ҳалолликни таъминлаш ҳамда спортчиларни адолатли ва шаффоф антидопинг тизимлари орқали қўллаб-қувватлаш борасидаги умумий интилишларни ифодалайди. Шу билан бирга, у Осиё–Тинч океани ва Марказий Осиё антидопинг ҳамжамиятлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаб, минтақавий ва глобал ҳамкорликни кенгайтиришга ҳисса қўшади.
Томонлар меморандум янги қўшма лойиҳалар, касбий алмашинувлар ва мувофиқлаштирилган ташаббусларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратишини таъкидлади. Бу ташаббуслар антидопинг соҳасида юзага келаётган замонавий муаммоларга тезкор ва самарали жавоб бериш ҳамда миллий антидопинг тизимларини изчил такомиллаштиришга хизмат қилади.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги республикада антидопинг дастурларини амалга ошириш, Бутунжаҳон антидопинг кодексига риоя этилишини таъминлаш ва тоза спорт ғояларини кенг тарғиб этиш учун масъул ҳисобланади. Япония антидопинг агентлиги ҳам ўз навбатида Японияда ушбу вазифаларни бажариб келмоқда.
Имзоланган меморандум нафақат Ўзбекистон ва Япония, балки Марказий Осиё минтақаси спортчилари, спорт ташкилотлари ҳамда кенг спорт жамоатчилиги учун ҳам муҳим ва манфаатли ҳамкорлик бўлиши мумкин.
Ҳамроз Баянов, ЎзА