French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги кенг қамровли муносабатлар мустаҳкамланиб бормоқда
19:54 / 2023-08-23

Муносабат

Венгрия Европанинг иқтисодиёти тез ўсиб бораётган мамлакатларидан бири. Хусусан, қишлоқ хўжалиги, савдо, туризм, молия ва ахборот технологиялари соҳаларида улкан салоҳиятга эга давлат. Мамлакатда бундай натижалар қайд этилиши учун турли соҳаларда тизимли ислоҳотлар амалга оширилган.

Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг таклифига биноан жорий йил 19-20 август кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Будапешт шаҳрига борди. Мазкур сафар сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида тобора ривожланаётган ҳамкорлик алоқаларида янги даврни бошлаб берди. 

ЎзА мухбири Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги муносабатлар тарихи, икки томонлама келишувлар истиқболи хусусида Тошкент давлат шарқшунослик университети қошидаги Шарқ мамлакатлари тараққиётини ўрганиш илмий-таҳлил маркази директори Қаҳрамон ҲАҚБЕРДИЕВнинг фикрларини ёзиб олди.

– Венгрия Европа Иттифоқининг сиёсий, иқтисодий ва молиявий институтларига чуқур интеграциялашган давлат саналади. Мамлакатнинг узоқ тарихга сиёсий анъанаси бор. Малакали ишчи кучи, паст инфляция даражаси, хорижий инвесторлар учун жозибадор шароит иқтисодиётнинг муваффақиятли ривожланиши учун асосдир. Венгриянинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорлари Европанинг етакчи давлатлари ҳисобланади. Жумладан, Германия энг йирик экспорт ва импорт ҳамкори. Дунёдаги энг бир қатор етакчи  автоконсернлар ишлаб чиқариш активлари Венгрияда жойлашган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги давлатлараро муносабат икки ва кўп томонлама форматда – Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасида жадал мустаҳкамланиб боряпти. Венгрия ТДТ ташқи сиёсий учрашувлари доирасидаги ташкилотнинг тўла ҳуқуқли ва фаол иштирокчисига ҳам айланди. Хусусан, мамлакатларимиз, умуман, ТДТга аъзо мамлакатлар билан яқин алоқа ўрнатилиши, бир томондан, бу халқларнинг тарихий илдизи муштараклиги билан белгиланса, иккинчи томондан, умумий тарихий илдизлар билан белгиланади. Венгриянинг халқаро майдонда кучайиб бораётган сиёсий нотинчлик шароитида ташқи сиёсатга интилиш механизмига бошқача ёндашаётгани ҳақиқат. Ташқи сиёсатдаги барқарор шарқий вектор, ТДТ давлатлари билан манфаатли алоқа ўрнатиш истаги Венгрияни бошқа Европа давлатларидан ажратиб туради.

Ушбу алоқалар чуқурлашиб бораётганини ҳисобга олиб, жорий йил 20 август куни Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг таклифи билан пойтахт Будапештга борган Шавкат Мирзиёев келгусида кенг кўламли ҳамкорликни давом эттириш каби олий масалаларга алоҳида эътибор қаратди. 

20 август куни Будапештда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Икки давлат раҳбарларининг учрашувида икки томонлама муносабат ҳолати ва истиқболи юзасидан фикр алмашилди. 

Давлат раҳбарлари амалий ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди. Улар аввалги учрашувларида мамлакатлар ўртасида эришилган келишувлар муваффақиятли амалга оширилаётгани алоҳида таъкидлаган. Парламентлар, ҳукуматлар, департаментлар ва вилоятлар ҳокимликлари даражасида самарали алоқалар ўрнатилди. Минтақавий кун тартиби, жумладан, ТДТ доирасидаги масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли ўзаро товар айирбошлаш миқдори ортиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги етакчи корхоналар ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда. Молия сектори, фармацевтика, транспорт, туризм, маданий-гуманитар йўналишларда қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга ошириляпти.

Таълим соҳасидаги икки томонлама муносабатлар истиқболи эътиборга молик. 170 нафар ўзбекистонлик талабани Венгрия олий ўқув юртларида ҳар йили стипендия асосида таълим олиши бўйича келишувга эришилган. 

Тошкент давлат шарқшунослик университети (ТДШУ) ҳам таълим соҳасидаги давлатлараро муносабатни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга интилади. Жорий йил 22 май куни Будапештда “Ўзбекистон – Венгрия II ректорлар форуми” бўлиб ўтди. Тадбирда ТДШУ ректори ректори иштирок этди. Ректорлар форуми доирасида Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Кароли Гаспар университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат олий ўқув юртлари ўртасида академик ва илмий алмашинувни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, шунингдек, қўшма илмий тадқиқот ҳамда лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган икки томон манфаатга мос келади.

Академик ва илмий алоқаларни кенгайтириш мақсадида 2023 йил 7 июль куни Кароли Гаспар университети, Милтон Фридман университети ва Венгрия ректорлари форуми вакиллари ТДШУга ташриф буюрган. 

Ўшанда Венгрия олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича режа ва қадамлар белгиланди. Тошкент давлат шарқшунослик университети раҳбарияти Венгрия олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик истиқболига ижобий ва оптимистик муносабатда бўлиб, уни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш бўйича амалий чоралар кўриш ниятида.

ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди.