Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик изчил ва амалий мазмунда ривожланиб бормоқда. Икки давлат раҳбарлари томонидан доимий қўллаб-қувватланаётган стратегик мулоқот ўзаро ишонч ва яқин қардошлик муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутяпти.
Шу жараённинг навбатдаги муҳим босқичи сифатида Тошкент шаҳрида энергетика соҳаси раҳбарлари ўртасида юқори даражадаги учрашув ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Туркманистон Республикаси энергетика вазири Аннагелди Сапаров, шунингдек, “Туркменгаз” миллий нефть-газ компанияси раиси Мақсад Бобоев ўртасида ўтказилган мулоқотда ҳар икки мамлакатнинг ёқилғи-энергетика соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Республикаси Президенти Сердар Бердимуҳамедов ташаббусларига асосланган ҳолда, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик охирги йилларда сезиларли даражада кенгаяётгани таъкидланди. Ушбу сиёсий ирода сабабли барча йўналишларда, жумладан, ёқилғи-энергетика тармоғида ҳам икки давлат ўртасидаги амалий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётгани қайд этилди.
Шунингдек, Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви доирасида Ўзбекистон - Туркманистон стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган муҳим келишувлар тўплами қабул қилинганига ҳам урғу берилди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, учрашув якунида томонлар икки мамлакат раҳбарлари белгилаб берган вазифалар доирасида ёқилғи-энергетика соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва мавжуд ишлар самарадорлигини ошириш борасида келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА