17 ноябрь куни Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келди. Мазкур ташриф икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштиришнинг навбатдаги босқичи бўлди. Ўзаро савдони кўпайтириш, саноат, энергетика, транспорт, машинасозлик, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида самарали кооперацияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Туркманистон иқтисодиётининг таркибий хусусиятлари
Жаҳон банки таснифлашига кўра, Туркманистон аҳоли даромадлари ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар қаторига киради. Расмий маълумотларга кўра, Туркманистон ЯИМ 2024 йилда 6,3 фоизга ўсган. 2023 йилда аҳоли жон бошига ЯИМ 7,8 минг долларни, 2024 йилда эса (Trading Economics баҳолашига кўра) 8,14 минг долларни ташкил қилган. Мамлакат аҳолиси 7 млн.дан зиёд. 2024 йилда Туркманистон 11 млрд. доллар чет эл инвестицияларини ўзлаштирган. Иқтисодиётнинг умумий ҳажмида инвестицияларнинг улуши 17,6 фоизга тенг бўлди. 2025 йилда 11,5 млрд. доллар миқдорида инвестиция жалб қилиш режалаштирилган.
Туркманистон катта газ захираларига эга. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатнинг углеводород ресурслари 71 млрд. тоннадан зиёд нефть эквивалентида баҳоланган бўлиб, шундан 20 млрд. тоннадан зиёд қисми нефть ва 50 трлн. м3 дан зиёд қисми табиий газдир. ОПЕК Туркманистонни тасдиқланган газ захиралари бўйича Россия, Эрон, Қатар ва АҚШдан кейин дунёда 5-ўринда қўйиб, уларни 13,95 трлн. куб метрга баҳолади. 2024 йилда табиий газ қазиб олиш 77,6 млрд. куб метрни, нефть қазиб олиш эса қарийб 8 млн. тоннани ташкил этди. Туркманистон ҳар йили 38 млрд. куб метр газ экспорт қилади. Қазиб олинган табиий газнинг қарийб 50 фоизи “Марказий Осиё – Хитой” магистрал газ қувури орқали Хитойга етказиб берилади.
Туркманистон иқтисодиёти таркиби расмий маълумотларга кўра қуйидагича кўрсатилган. ЯИМ умумий ҳажмида саноат улуши 30 фоиз, қишлоқ хўжалиги – 11,8 фоиз, қурилиш – 6 фоиз, транспорт ва алоқалар – 8,8 фоиз, бошқа хизмат турлар – 43,4 фоизга тенг.
2024 йилда агросаноат мажмуида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиш суръатлари 126,9 фоизни ташкил этди. Ғалла ва пахта етиштирилиб, сабзавотчилик учун яратилган иссиқхоналар яхши самара бермоқда. 2025 йилда кузги экинлар учун 690 минг гектар майдон ажратилган бўлиб, ғалладан 1,4 млн. тонна ҳосил олиш режалаштирилган.
Халқаро савдо маркази (trademap. org) сайти маълумотларига кўра, 2024 йилда Туркманистон экспорти 13,7 млрд. долларни, импорти 3,93 млрд. долларни, товар айирбошлаш эса 17,63 млрд. долларни ташкил қилган. Туркманистоннинг асосий савдо шериклари: экспорт бўйича: Хитой, Россия, Ўзбекистон, Туркия ва Греция, импорт бўйича: Туркия, Хитой, Россия, Қозоғистон ва Германия бўлди.
Иқтисодий ҳамкорлик динамикаси
Туркманистон иқтисодиётининг таркибий хусусиятлари анча муваффақиятли ривожланаётган Ўзбекистон иқтисодиёти билан иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишларига ҳам боғлиқ. Ташриф чоғида Президентлар ўртасида бўлиб ўтган учрашувда барча соҳаларда ижобий суръат ва фаол алоқалар мамнуният билан қайд этилди. 2024 йилда товар айирбошлаш 1 млрд. доллардан ошди. Юк ташиш ҳажми ортиб бормоқда, жумладан, Туркманбоши портидан фойдаланиш фаоллашган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази баҳолашларига кўра, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши сўнгги йилларда барқарор ўсиш суръатларини намоён этмоқда. 2017-2024 йиллар даврида ўзаро савдо ҳажми 6,4 бараварга – 177,9 млн. доллардан 1,14 млрд. долларга ошди. Ўзбекистоннинг Туркманистонга экспорти 1,8 бараварга ўсиб, 128,2 млн. долларга етди, Туркманистондан импорти эса 10,6 бараварга ошиб, 1,02 млрд. доллардан ошди. Туркманистоннинг Ўзбекистон ташқи савдосидаги улуши 0,7 фоиздан 1,7 фоизга ортди.
2024 йилда Ўзбекистоннинг Туркманистонга экспорти таркибининг асосий қисми кимёвий маҳсулотлар (ўғитлар, ўсимликлар ўсишига хизмат қилувчи моддалар, дезинфекциялаш воситалари) – 42,5 млн. доллар, хизматлар, энг аввало, транспорт ва логистика хизматлари – 32,5 млн. доллар, озиқ-овқат маҳсулотлари – 10,7 млн. доллар, текстиль буюмлари – 4,1 млн. доллар, машина ва ускуналар (маиший техника, электр симлари) – 3 млн доллар ҳиссасига тўғри келди. Шу билан бирга, 2024 йилда 2023 йилга нисбатан энергия ташувчиларни етказиб бериш 3,1 баравар, озиқ-овқат маҳсулотлари – 13,5 фоиз, машина ва ускуналар – 57,9 фоиз, хизматлар – 33,7 фоизга ошди.
Келтирилган рақамлардан кўриниб турибдики, Ўзбекистон экспортининг салмоқли қисмини озиқ-овқат товарлари, тўқимачилик маҳсулотлари, машиналар ва маиший техника ташкил этади. Айнан шу позицияларнинг ўсиши Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги ишлаб чиқариш кооперациясини янада чуқурлаштириш ва қўшилган қиймат занжирларини биргаликда ривожлантириш учун салоҳият мавжудлигидан далолат беради.
Ўзбекистоннинг Туркманистондан импорти асосан энергия ташувчилар ва нефть маҳсулотлари ҳисобига шаклланади. 2024 йилда Туркманистондан импорт таркибида етказиб беришларнинг асосий қисми энергия ташувчилар ва нефть маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келди – 975,9 млн. доллар. Импортнинг асосий қисмини энергетика ва нефть маҳсулотлари ташкил этди. Ушбу маҳсулотлар бўйича импорт 2024 йилда 2023 йилга нисбатан 10,4 фоизга ошган.
Туркманистон импортининг бошқа товарлари тўқимачилик буюмлари, кимёвий маҳсулотлар ва шишадан иборат бўлиб, 2024 йилда қуйидаги маҳсулотларни ўз ичига олди: тўқимачилик буюмлари – 8,9 млн. доллар (пахта иплари – 4,5 млн. доллар, синтетик толалар – 3,4 млн. доллар); кимё маҳсулотлари (пропилен полимерлари ва пластмасса буюмлари – 5,03 млн. доллар) – 6,9 млн доллар; термик жилоланган шиша – 2,6 млн. доллар. 2024 йилда ушбу маҳсулотлар бўйича импорт ҳажми 2023 йилга нисбатан бироз пасайган.
Инвестициявий ҳамкорлик. Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонда Туркманистон капитали иштирокидаги корхоналар сони 12 фоизга кўпайиб, қарийб 200 та компанияни ташкил қилди.
2022-2023 йилларда Туркманистон Ўзбекистон иқтисодиётига 6,7 млн. доллар сармоя киритди. Қўйилмалар таркиби капитал сиғимдорлиги ва маҳаллийлаштириш даражаси юқори бўлган узоқ муддатли лойиҳаларга эътибор қаратилаётганини кўрсатади.
“Туркманистон-Моторс”ва “Ўзавтосаноат” ўртасида сармоя ҳажми 10 млн. долларгача бўлган қўшма корхона ташкил этиш асосий лойиҳалардан бири ҳисобланади. Биринчи босқичда йилига 5000 дона енгил автомобиль ишлаб чиқариш, келгусида эса маҳсулотлар қаторини қишлоқ хўжалиги техникалари ва автобуслар ҳисобига кенгайтириш режалаштирилган. Бу каби кооперация формати умумминтақа кесимида автомобилсозлик ва унга алоқадор тармоқларни ривожлантириш учун асос яратади, чунки Қозоғистон ва Озарбайжон билан шунга ўхшаш кооперация форматлари амалга оширила бошлади.
Эришилган янги келишувлар
Бўлиб ўтган музокаралар чоғида Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга, иқтисодиётларнинг транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлигига, энергетика соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
Савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш борасида сўнгги йилларда товар айирбошлаш ҳажми қарийб икки баравар ошгани таъкидланди. Яқин истиқболда 2 млрд. долларлик мақсад белгиланди. Бу мақсадга эришиш учун “Шовот-Тошҳовуз” чегараолди савдо зонасининг ишга туширилиши муҳим восита бўлади. Зона фаолияти умумий аҳолиси 3,5 миллиондан зиёд бўлган Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти ва Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти ўртасидаги савдони ўстириш учун таянч майдонига айланиши кўзда тутилмоқда.
Ушбу тажрибани бошқа ҳудудларда, энг аввало, “Олот-Фароб” ҳудудида ҳам қўллаш бўйича келишувга эришилди. Тажриба тўпланишига қараб, томонлар ушбу моделни бошқа чегараолди ҳудудларда, жумладан, “Олот-Фароб” ҳудудида қўллаш ниятида. Шу тариқа, ҳудудлар ва маъмуриятлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларга асосланган чегараолди интеграциянинг тармоқ формати яратилади. Шунингдек, икки мамлакатнинг барча вилоятлари иштирокида учинчи форумни Хива шаҳрида ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик. Ўзбекистон ва Туркманистон томонидан электр энергиясининг етказиб берилиши ва транзити бўйича ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида қатъий интилиш борлиги таъкидланди. Шу билан бирга, янада кенгроқ лойиҳаларга ўтишга, жумладан, истиқболли конларни биргаликда ўзлаштиришга келишиб олинди. “Яшил” энергетикага глобал ўтиш ва минтақавий энергия халқаларининг роли ортиб бораётган бир шароитда бундай ташаббуслар энергия тизимларининг барқарорлигини ошириш ва саноат ўсиши учун қўшимча рағбат яратиш имконини беради.
Келишувларнинг алоҳида қисми транспорт ва логистикага тегишли бўлди. Юк ташиш ҳажми ўсиб бормоқда, божхона-логистика тартиблари соддалаштирилмоқда. Томонлар автомобиль ва темир йўл йўналишларини кенгайтириш ниятида эканини таъкидлаб, транзит ҳажмини ошириш ва янги бозорларга чиқиш учун Туркманбоши портини биргаликда ривожлантириш, пойтахтлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни қайта тиклашга келишиб олдилар. Бу Ўзбекистонга экспорт йўналишларини диверсификация қилиш учун қўшимча имкониятлар беради.
Экология ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамкорликнинг муҳим йўналишига айланмоқда. Томонлар Марказий Осиё минтақасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари устида биргаликда ишлашга тайёр эканини билдирди. Бу, айниқса, қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари ва чегараолди экотизимларининг барқарорлигига таъсир қилувчи иқлим хавфлари контекстида долзарбдир.
Ташриф якунида бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Ўзбекистон-Туркманистон чегараолди савдо зонаси фаолияти тўғрисидаги шартнома; Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим; Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисидаги битим; Ўрмон хўжалиги соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси” шулар жумласидан. Бундан ташқари, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг бир қанча ҳудудлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланди.
Шу тариқа, бўлиб ўтган музокаралар Ўзбекистон ва Туркманистон шериклик муносабатларининг стратегик хусусиятини тасдиқлади ва мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришнинг (асосий иқтисодиёт тармоқларини қамраб олган) тузилмавий кун тартибини шакллантирди.
Давлат ташрифи якунида келишувларнинг салмоқли тўплами имзоланган бўлиб, бу савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, транспорт йўлакларини мустаҳкамлаш, гуманитар шерикликни фаоллаштириш учун пойдевор яратади. Умуман, сўнгги йиллардаги тенденциялар икки мамлакатнинг ўзаро ривожланишга ҳамда Марказий Осиё минтақаси иқтисодиётида янги ўсиш нуқталарини яратишга йўналтирилган барқарор ҳамкорлик моделини шакллантиришга қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради.
Хуршед Асадов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
директори ўринбосари