Пойтахтимизда ўтказилган расмий тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Туркманистон савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Назардурди Огаҳонов чегара савдо зонаси фаолиятининг амалий жиҳатларини муҳокама қилди.
Томонлар ўзаро савдо кўламини кенгайтириш, миллий маҳсулотларни илгари суриш ҳамда икки давлат тадбиркорлиги ривожи учун муҳим майдон бўлиб хизмат қиладиган ушбу қўшма савдо маркази барпо этилишининг ҳуқуқий асосини келишиб олдилар.

Мажмуа жами 6 гектар майдонни эгаллайди: ҳар икки томон учун 3 гектардан. Зарурат туғилганда ҳудуд алоҳида халқаро келишув орқали кенгайтирилиши мумкин.

Эътиборлиси, давлатларимиз фуқаролари чегара олди савдо ҳудудига визасиз кириб-чиқиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ўзбекистон - Туркманистон чегара олди савдо зонаси очилиши тадбиркорларга ўз маҳсулоти билан эркин савдо қилиш, умумий инфратузилма ва соддалаштирилган тартибдан фойдаланиш имконини беради. Бу эса трансчегаравий савдони ривожлантириш орқали мавжуд ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар яратади.
Г.Сатторова, ЎзА