Туркиянинг йирик нашри – “Milliyet” газетасида “Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар ва жаҳон иқтисодиёти билан интеграциялашувни, Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик жараёнини қўллаб-қувватлашда давом этамиз” сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Муаллиф Туркия вице-президенти Жевдат Йилмаз мамлакат Палаталар ва биржалар иттифоқида ўтказилган Туркия – Ўзбекистон бизнес форумида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳалари, ҳудудлараро ҳамкорлик, саноат ва геология конларини хусусийлаштириш ва қўшма инвестиция бўйича махсус сессиялар ташкил этиш орқали кенг кўламли ҳамкорлик чуқурлашаётганига эътибор қаратган:
– Тили, дини ва маданияти муштарак ўзбек ва турк халқлари дўстлиги кун сайин мустаҳкамланмоқда, – дейди жаноб Йилмаз. – Ўзбекистон ва Туркия минтақавий ва глобал масалаларда тинчлик ва барқарорликни сақлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Қолаверса, икки давлат иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳамкорлиги умумий тараққиёт ва фаровонликка хизмат қиляпти.
Президентлар томонидан белгилаб берилган 5 миллиард долларлик йиллик ўзаро савдо кўрсаткичига эришиш учун қатъий ҳаракат қилинаётганлигига эътибор қаратган юқори мартабали мулозим, 2023 йил 26 декабрда Туркия – Ўзбекистон қўшма иқтисодий комиссияси (KEK) 7-Давлат йиғилиши ўтказилганини қайд этди. Мазкур анжуман доирасида савдо-иқтисодий муносабатни чуқурлаштиришга қаратилган 107 банддан иборат Ҳаракат дастури имзоланиб, ижрога йўналтирилган.
Туркия минтақадаги инвестиция муҳитини яхшилаш учун фақат иқтисодий омиллардан ташқари иқтисодиёт ривожиига қўшадиган ҳиссамизни ҳам ҳисобга олган ҳолда қадам ташлаяпмиз, – деди Йилмаз. – Туркия ва Ўзбекистон бир-бирини тўлдирувчи иқтисодий тузилмага эга. Жумҳуриятимизнинг 100 йиллигида Ўзбекистон билан савдо айланмаси қиймати 3,1 миллиард доллардан ошди. Ўзаро сармоя киритиш фаоллашган. Ўзбекистонда энергетика, электроника, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, информатика ва қурилиш соҳаларида ишбилармонларимиз учун қулай сармоявий имконият мавжуд. Туркия ҳам жозибадор рағбати билан ўзбек тадбиркорлари учун хавфсиз ва фойдали сармоя имкониятини тақдим этади. Ривожланган инфратузилмаси ва стратегик жойлашуви туфайли мамлакатимиз Марказий Осиё ва Европа бозорига чиқиш учун қулай. Бошқа томондан, Туркиянинг энергетика секторидаги тажрибаси ва қайта тикланадиган энергия лойиҳалари бўйича салоҳияти барқарор. Технология ва “Ar-Ge” соҳасида илғор технопарклар, инновацион тадбиркорлик экотизими ўзбек сармоядорларини қўллаб-қувватламоқда.
Юқори стандарти ва замонавий иншоотлари туфайли Туркия тиббиёт сектори ва соғлиқни сақлаш туризми даромадли, барқарор сармоя манбаси сифатида ажралиб туради. Ишончим комилки, биз савдо тармоқларини кенгайтирамиз ва илдам қадам ташлаш тамойили асосида ўзаро инвестицияни ривожлантирамиз. Шу муносабат билан Туркия ва Ўзбекистон ишбилармонларини мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишга чақираман.
“Барака бирликда” шиори остида дўстлик риштаси мустаҳкамланиб, алоқа кенгайиб, дўстона йиғинлар сони кўпайишига чин дилдан ишонаман. Биз Ўзбекистоннинг иқтисодий ислоҳотлари, жаҳон иқтисодиёти билан интеграциялашуви ҳамда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини қўллаб-қувватлашда давом этамиз. Истанбулда Туркия инвестиция фонди Бошқарувчилари кенгашининг илк йиғилишини ўтказдик. Давлат раҳбарлари 2019 йил Туркия инвестиция жамғармасини ташкил этиш ниятини маълум қилишган эди. Тегишли вазирликлар сўнгги икки йил давомида Таъсис шартномасини якунлаш устида ишлади. Туркия инвестиция фонди (ТИФ)ни ташкил этиш тўғрисидаги битим ўтган йил Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)нинг навбатдан ташқари Анқара саммитида давлат раҳбарлари ҳомийлигида имзоланди.
Шу нуқтаи назардан Туркия сармоя фонди “Тенг сармоя ҳиссаси ва тенг овоз бериш” тамойили билан тузилган. Жамғарманинг бошланғич капитали 500 миллион доллар этиб белгиланди. Ўйлайманки, Фонд минтақалараро савдони рағбатлантириш орқали ҳамкорликни янада ривожлантиради. Аъзо мамлакатлар иқтисодиётига салмоқли ҳисса қўшиб, янги имкониятлар яратади. Туркия инвестиция жамғармаси инфратузилма, қайта тикланадиган энергия, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида инвестицияни молиялаштиради, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлайди.
Турк давлатлари Анадолудан Каспий денгизи ва Марказий Осиё чўлларига қадар чегаралардан ошиб, бирдамлик руҳи билан яшайдиган инсонларни бирлаштирган. Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар соҳада намунали алоқалар эса бутун минтақада акс этиб, шубҳасиз иқтисодий алоқа, инновация ва барқарор ривожланишга кўмаклашади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА