Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Туркия кимёвий реагентлар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қилади
09:37 / 2025-07-30

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва Туркиянинг “ADO Mining” компанияси вакиллари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда нефть-газ соҳасида қўлланиладиган кимёвий реагентларни мамлакатимизда маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятлари муҳокама қилинди.

Томонлар ўртасидаги учрашув чоғида “ADO Mining” компаниясининг халқаро бозорда тутган ўрни, унинг барий сульфати ва кальций карбонат каби маҳсулотларни ишлаб чиқаришдаги тажрибаси ҳамда саноат салоҳияти ҳақида маълумот берилди. Таъкидланишича, мазкур компания Туркия, Ҳиндистон, АҚШ, Индонезия, БАА, Тунис, Марокаш ва Канада каби мамлакатларда ишлаб чиқариш объектларига эга бўлиб, маҳаллийлаштириш бўйича амалий тажриба ва инвестицион салоҳиятга эга.

Учрашув давомида ўзбек томони ҳамкорларга мамлакатдаги эркин иқтисодий зоналар фаолияти, инфратузилма имкониятлари, солиқ ва божхона имтиёзлари, ҳуқуқий кафолатлар ҳамда инвесторларга давлат томонидан тақдим этилаётган қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида батафсил маълумот тақдим этди.

Шунингдек, нефть-газ саноати учун импорт ўрнини босувчи кимёвий реагентларни, жумладан, барий ва кальций карбонатларни Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқаришнинг техник-иқтисодий асослари, ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш имкониятлари ва ҳамкорлик шаклларига аҳамият қаратилди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, саноат кооперацияси ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қўшимча техник-иқтисодий таҳлиллар ўтказиш юзасидан келишувга эришди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА