Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга расмий ташрифи ва Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши икки томонлама муносабатлар тарихида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб берди.
Мазкур мулоқот шунчаки дипломатик ташриф доирасидан чиқиб, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий стратегиясида муҳим ўрин тутувчи кўп қиррали ҳамкорликнинг институционал ифодасига айланди. Президент Режеп Таййип Эрдоған томонидан Ўзбекистон делегациясининг юксак эҳтиром билан қабул қилиниши Тошкент ва Анқара ўртасидаги алоқалар нафақат стратегик шериклик, балки чуқур тарихий илдизларга асосланган биродарлик ва ўзаро ишонч тамойиллари асосида қурилаётганини яққол намойиш этди.
Музокараларнинг сиёсий аҳамияти Ўзбекистон минтақавий ва глобал жараёнларда ўз ролини кучайтириб бораётгани билан бевосита боғлиқдир. Туркия томони республикамизни Марказий Осиёдаги минтақавий интеграция жараёнларининг муҳим драйвери сифатида эътироф этиши мамлакатимиз ташқи сиёсий нуфузи ортиб бораётганидан далолат беради. Айниқса, 1996 йил имзоланган Абадий дўстлик ва ҳамкорлик шартномасининг 30 йиллиги арафасида кечган ушбу учрашув икки давлат суверен манфаатлари муштараклигини яна бир бор тасдиқлади.
Ўзбекистон учун Туркия билан муносабатларни мустаҳкамлаш иқтисодий ва технологик модернизация жараёнини жадаллаштириш баробарида, халқаро майдондаги геосиёсий мувозанатни таъминлашнинг ҳам муҳим омили ҳисобланади.
Иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланиши икки мамлакат ўртасидаги сиёсий ишончнинг амалий натижасидир. Сўнгги ўн йил ичида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми уч баробар ортгани, Туркиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестицияси ҳажми 5 миллиард долларга етгани стратегик шерикликнинг мустаҳкам моддий пойдеворини яратди. Мамлакатимиз миллий манфаатлари нуқтаи назаридан, турк компанияларининг саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилмани ривожлантириш лойиҳаларидаги иштироки янги иш ўринлари яратилиши ҳамда технологик трансферни таъминлашда алоҳида қимматга эга.
Шунингдек, 4+4 механизми ва хавфсизлик соҳасидаги мувофиқлашув Ўзбекистоннинг мудофаа салоҳиятини ошириш ва минтақавий таҳдидларга қарши туриш имкониятини кенгайтиради.
Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик масаласи ҳам учрашув кун тартибидан ўрин олди. Ғазо ва Фаластин масаласидаги қатъий, адолатли позиция, шунингдек табиий офатлар оқибатини бартараф этишдаги ўзаро кўмак – Хатай вилоятидаги “Ўзбек маҳалласи” ва Истанбулдаги Ўзбекистон мактаби мисолида икки халқнинг тақдири ва келажаги бир эканини англатади.
Ўзбекистоннинг Туркия билан муносабатлари эндиликда нафақат икки томонлама хусусият касб этмоқда, балки кенг қамровли минтақавий хавфсизлик ва иқтисодий фаровонликни таъминловчи стратегик масалага айланмоқда. Бу эса ўз навбатида, “Янги Ўзбекистон”нинг халқаро майдондаги обрўсини ошириш, миллий манфаатларини узоқ муддатли истиқболда ҳимоя қилишга кўмаклашади.
Нодира Кайимова, ЎзА