Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Туркия кенг қамровли стратегик шерикликни мустаҳкамламоқда
16:40 / 2023-09-14

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Туркиянинг “Мармара групп” жамғармаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон – Туркия: кенг қамровли стратегик шериклик” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Туркия дипломатик миссияси, мамлакатимизнинг нуфузли илмий-эксперт доиралари вакиллари, Турк ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТҲМА) раҳбарияти, шунингдек, Ўзбекистон томонидан Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Тараққиёт стратегияси маркази, Прогрессив ислоҳотлар маркази каби етакчи таҳлилий марказлар раҳбарлари,экспертлари иштирок этди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва ривожланиш истиқболи юзасидан фикр алмашилди, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга доир янги ғоя ва таклифлар ишлаб чиқилди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон – Туркия муносабати юксак ривожланиш суръатини намоён этиб, ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Томонларнинг узоқ муддатли ҳамкорликдан умумий манфаатдорлиги алоқалар мустаҳкамланиб боришига замин яратмоқда. Демак, Туркия билан ҳамкорлик салоҳиятидан фойдаланиш миллий иқтисодиётни модернизация қилиш, мамлакат тараққиётининг юқори суръатини қўллаб-қувватлашга ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.

Бундан ташқари, иккала мамлакат ҳам мавжуд хом ашё, ишлаб чиқариш ва инсон салоҳиятини юзага чиқариш, минтақани глобал қиймат занжирига қўшишга кўмаклашувчи Туркия ва Марказий Осиё ўртасида транс-минтақавий ўзаро боғлиқлик шаклланишини қўллаб-қувватламоқда.

Шу нуқтаи назардан қўшимча иқтисодий дивиденд олиб келиши мумкин бўлган транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорлик янада муҳимроқ. Бу талаб жаҳон иқтисодиётида давом этаётган ўзгаришлар билан боғлиқ, албатта. Бинобарин, етказиб бериш тизимида кузатилаётган реконфигурация жараёни Ўзбекистон ва Туркия барқарор ривожланиши учун янги имкониятлар яратмоқда-ки, мамлакатларимизянгича шаклда намоён бўлаётган глобал ишлаб чиқариш ва логистика тизимида муносиб ўрин эгаллаши мумкин.

Бошқача айтганда, Ўзбекистонда Туркияни ЕОИИ, Хитой ва Жанубий Осиё бозорларига олиб чиқувчи муҳим қуруқлик йўлаги ролини ўйнаш имкони бор.

Ўз навбатида, Туркия Ўзбекистон учун Европа бозорига кириш эшигига айланади. Буни яхши англаб етган ҳолда, давлатларимиз аллақачон Шарқий-Ғарбий, Шимолий-Жанубий йўналишдаги йирик транспорт йўлаклари доирасида лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Масалан, Ўзбекистон “Боку – Тбилиси – Карс” темир йўли транзит салоҳиятидан фойдалана бошлагани, Туркия – Эрон – Туркманистон – Ўзбекистон янги ер усти транзит йўлаги ишга туширилиши алоҳида эътиборга молик.

Ушбу лойиҳалар улкан“трансқитъавий боғлиқлик”нинг муайян бўғинини шакллантиришга қаратилган умумий интилишнинг бир қисмидир. Айни мақсадга эришишда “ОТМ – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Туркия – Европа” мультимодал йўлагини барпо этиш режасини амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқани мустаҳкамлашга ундайдиган навбатдаги муҳим омил маданий ва тарихий умумийликдир. Бу ҳолат юқорида келтирилган барча режаларни амалга ошириш, прагматик ҳамкорлик кун тартибини янада илгари суриш учун ишончли асос яратади.

[gallery-13583]

Юқоридаги фактлардан келиб чиқилса, кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш нияти табиий. Шунга ўхшаш тенденция ҳозир энг юқори даражадаги алоқалар жадаллигида, сиёсий мулоқотни институционаллаштириш истагида намоён бўлмоқда. Давлат раҳбарлари раислигидаги Стратегик шериклик Олий кенгаши, ташқи ишлар вазирлари даражасидаги стратегик режалаштириш гуруҳи, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи шулар жумласидан.

Мазкур платформалардан фойдаланиш бугунги кунда Ўзбекистон – Туркия муносабатига юксак мазмун, тизимли хусусият бағишламоқда. Бу борада савдо-иқтисодий айирбошлаш суръати ўсиши, айниқса, муҳим. Бугунги кунда Туркия Ўзбекистоннинг тўртинчи энг йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. 2022 йил мамлакатларимиз ўртасида маҳсулот айирбошлаш миқдори 3,2 миллиард долларни ташкил этди ва 2016 йил (1,2 миллиард доллар)га нисбатан 2,5 баробар ўсди. Ҳозир республикамиз ташқи дунё билан умумий савдо айланмасининг 6,4 фоизи Туркия ҳиссасига тўғри келяпти. Келгуси йилларда товар айирбошлаш миқдорини 5 миллиард долларга етказиш режаси белгиланган.

Айни пайт турк бизнесининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши ортиб бормоқда. 2016 йил (410 компания)дан буён турк капитали иштирокидаги корхоналар сони 6 баробар кўпайди ва 2 300 дан ошди.

2023 йилнинг атиги 5 ойида шундай жамоалар сони 121 тага етди. Энди юртимизда фаолият юритаётган хорижий компанияларнинг 15 фоиздан кўпи Туркия ҳиссасига тўғри келмоқда.

Амалга оширилган ишлар Туркияга Ўзбекистон иқтисодиётидаги тўрттаэнг йирик сармоядор давлат қаторига қўшилиш имконини берди. Туркия ишбилармон доиралари мамлакатимизнинг энергетика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма каби асосий тармоқларига инвестиция киритмоқда. Бу Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг асосий мақсадларига мос келади.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг энергетика хавфсизлигини таъминлашда Туркиянинг ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2016 йилдан бошлаб Туркия корхоналари иштирокида мамлакатда умумий қуввати 2 минг МВт дан ортиқ 7 та йирик энергетика лойиҳаси амалга оширилди.

Туризм соҳасида ҳам ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Сўнгги пайтда Туркия йилига 200 мингдан кўп ўзбек саёҳини қабул қиладиган энг жозибадор йўналиш мақомини мустаҳкамламоқда. Шу билан бирга ушбу давлат Ўзбекистонга туризм мақсадида келаётган хорижий фуқаролар сони бўйича бешинчи ўринда туради. 2022 йил Ўзбекистонга Туркиядан 75 минг сайёҳ ташриф буюрди, бу 2021 йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўп.

Табиийки, халқаро институтлар, айниқса, сўнгги йилларда сермазмункун тартиби, стратегик аҳамиятга эга кўп томонлама лойиҳалари туфайли юқори самарадорлик намойиш этган ҳолда, кучли тузилмага айланиб бораётган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасида яқин ҳамкорлик изчил ривожланаётгани кузатилмоқда.

Мамлакатларимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам сиёсий жиҳатдан бир-бирини яқиндан қўлламоқда.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Даврон ЭРНАЗАРОВ (сурат), ЎзА