English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Туркия: икки томонлама алоқалар кенг қамровли стратегик шериклик даражасига чиқди
20:17 / 2024-05-22

Ўзбекистон ва Туркия давлатлари Президентларининг қатъий сиёсий иродаси, улар ўртасидаги яқин, ўзаро ишончга асосланган муносабатлар туфайли икки томонлама алоқалар кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқилди.

Бу Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ва Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси Раиси Нуман Куртулмуш учрашувида қайд этилди.

Мулоқотда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва парламентлараро соҳаларда Ўзбекистоннинг Туркия билан ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ҳамда алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Кейинги олти йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,5 маротабага ошиб, Туркия Ўзбекистоннинг тўртинчи асосий иқтисодий шеригига айлангани қайд этилди. Ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва иқтисодиётнинг турли тармоқларида саноат кооперацияси бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланиш лозимлиги таъкидланди.

Ижтимоий ва маданий-гуманитар соҳаларда алоқаларни янада кенгайтириш учун икки давлатда ҳам салоҳият етарли экани, бу борада имкониятларни бирлаштириш кераклигига урғу берилди.

Айниқса, соғлиқни сақлаш йўналишида кадрлар салоҳиятини ошириш, илм-фан ҳамда таълим соҳаларида қўшма илмий лойиҳаларни йўлга қўйиш, талабалар алмашинувини фаоллаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон ва Туркиянинг қадриятлари ўхшашлигидан келиб чиқиб, оила ва хотин-қизлар масалаларида икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга эътибор қаратилди.

Учрашувда парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи ва “Ўзбекистон–Туркия” парламентлараро дўстлик гуруҳи ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, қўмиталар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш бўйича якдил фикр билдирилди.

Н.Абдураимова, ЎзА