Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлиги: чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида янги босқич
13:31 / 2026-02-02

Чиқиндиларни тўғри бошқариш ва қайта ишлаш бугунги кунда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда иқтисодий ресурслардан самарали фойдаланишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Аҳоли сони ва ишлаб чиқариш ҳажмларининг ортиши билан чиқиндилар миқдори ҳам тобора кўпайиб бормоқда. Шу боис, замонавий технологияларни жорий этиш, циркуляр иқтисодиёт тамойилларини ривожлантириш ва халқаро тажрибани қўллаш орқали ушбу соҳани янги босқичга олиб чиқиш долзарб вазифага айланмоқда.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг Туркия Республикасига расмий ташрифи доирасида икки томонлама кўп қиррали ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича қатор келишувларга эришилди.  

Ушбу келишувлар мамлакатимизда экологик соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

Хусусан, Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов бошчилигидаги делегация Туркиянинг “MT Makina” компанияси билан чиқиндиларни қайта ишлаш ва уларни бошқариш соҳасида ускуналар ишлаб чиқариш, саралаш ҳамда қайта ишлаш объектларини ташкил этиш бўйича музокаралар ўтказди.

Музокаралар натижасида Самарқанд вилоятида умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларига тенг бўлган лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Асосий лойиҳалар 2026-2027 йилларга мўлжалланган бўлиб, кунига 500 тонна қувватга эга чиқиндиларни саралаш станциясини қуриш ҳамда йилига 1000 дона махсус техника ва контейнер ишлаб чиқарадиган заводни маҳаллийлаштириш кўзда тутилган.

Ушбу ташаббуслар доирасида 100 та янги иш ўрни яратилади. Шунингдек, лойиҳаларнинг умумий фаолият юритиш муддати 20 йил этиб белгиланган.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки,  “MT Makina” компанияси чиқиндиларни бошқариш соҳасида 20 йиллик тажрибага эга бўлиб, замонавий технологик ечимларни таклиф этиб келмоқда. Туркияга амалга оширилган ташриф давомида ушбу ҳамкорликни янада жадаллаштириш ва қўшма лойиҳаларни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА