Жорий йилнинг 3-4 июнь кунлари Истанбул шаҳрида Ўзбекистон-Туркия тўқимачилик бизнес- форуми бўлиб ўтди.
100 нафарга яқин тадбиркор иштирок этган ушбу тадбирда тўқимачилик соҳасида эришилган натижалар сарҳисоб қилинди ва келгусида томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Форум доирасида ўзбек ва турк ишбилармон доира вакилларининг B2B учрашувлари ташкил этилди.

Учрашув натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикасида Туркия капитали иштирокида навбатдаги 100 миллион долларлик уй тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида шартнома имзоланди.
Форумнинг иккинчи кунида иштирокчилар қатор корхоналар фаолияти билан танишди. Шунингдек, Истанбул мода академияси таълим координатори Гюлин Гиришмен (Gülin Girişmen) ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси в.б. Мирмуҳсин Султонов ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Учрашув чоғида Гюлин Гиришмен хоним Ўзбекистон тўқимачилик саноати жадал ривожланаётгани, бу жараён ҳамкорлик ва тажриба алмашишга имконият яратаётганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, Истанбул мода академияси ушбу соҳада инновацион ва замонавий таълимни таклиф қилувчи Туркиядаги дунё миқёсида тан олинган мактаблардан биридир.

Томонларнинг галдаги учрашуви Экотекс лаборатория ва инспекция хизматлари ташкилотида бўлиб ўтди. Унда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси тўқимачилик маҳсулотларини тест синовидан ўтказувчи синов лабораторияларини Ўзбекистонда ташкил этиш таклифини билдирди.
Тадбирда айтиб ўтилгани каби Экотекс лаборатория ва инспекция хизматлари ташкилоти 400 турдаги синовларни ўтказиш имкониятига эга.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА