Яқинда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов ва Тожикистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода ўзаро мулоқот олиб борди. Бу ҳақда ахборот ҳамкоримиз «Ҳовар» маълум қилмоқда.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги таълим, фан ва инновациялар, жумладан, ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, илмий конференциялар, диссертация ҳимояси ишида иштирок этиш бўйича ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, кенгашлар, томонлараро малака ошириш, таълим соҳасига рақамли технологияларни жорий этиш юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар шунингдек, жорий йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида икки мамлакат университетлари ректорларининг II-форумини ўтказиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Маълумот ўрнида, 2023 йилнинг 14 март куни Душанбе шаҳридаги Тожикистон Миллий университетида “Олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги икки томонлама алоқалар миллий иқтисодиётни ривожлантириш асоси” мавзусида Тожикистон-Ўзбекистон I – Ректорлар форуми ўтказилган эди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА