English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари эришилган келишувларнинг бажарилишини кўриб чиқдилар
15:47 / 2023-05-05

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 май куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.

Тожикистон етакчиси давлатимиз раҳбарини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумхалқ референдуми муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.

Суҳбатда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб, савдо-иқтисодий ҳамкорлик суръати ошиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Ўзаро савдо ҳажми, қўшма лойиҳа ва корхоналар сони ўсмоқда. Чегараолди савдо-логистика зонаси барпо этилмоқда. Фаол маданий-гуманитар алмашинувлар давом этмоқда – март ойида Душанбе шаҳрида икки мамлакат етакчи олий таълим муассасалари ректорларининг биринчи форуми самарали ўтди.

Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари жорий кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш ва амалий ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш учун Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва иккинчи Ҳудудлар форуми кун тартибини пухта тайёрлаш муҳим эканини таъкидладилар.

Минтақавий ҳамкорлик, шу жумладан Марказий Осиё давлат раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Бўлажак тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.