Божхона институтининг Қайта тайёрлаш ва малака ошириш факультетида Жаҳон божхона ташкилотининг Марказий Осиё ва Кавказ хавфсизлик лойиҳаси доирасида Ўзбекистон ҳамда Тожикистон божхона хизматлари вакиллари учун халқаро семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган мақсад божхона ходимларининг қурол-яроғ ва учувчисиз учиш аппаратларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш, хавфларни бошқариш ҳамда чегара назоратида ҳуқуқбузарликларни аниқлаш бўйича билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашдан иборат.


Семинар давомида Жаҳон божхона ташкилотининг тажрибали экспертлари — Адам Вас, Весна Вракар ва Метю Фахд ўзларининг амалий тажрибалари ҳамда илғор халқаро ёндашувлари билан ўртоқлашди.
Тренинг доирасида иштирокчилар учун замонавий ўқув методикаси асосида назарий билимлар билан бир қаторда амалий машғулотлар ҳам ташкил этилди.


Мазкур тадбир божхона органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хавфсизликни таъминлаш ва минтақавий барқарорликни янада оширишга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА