Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоиловнинг Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг учинчи йиғилиши доирасида Тожикистон Республикаси Мажлиси Оли Мажлиси Намояндагон Раиси ўринбосари Азиз Кодир Гиёзода билан учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари янада мустаҳкамланаётгани, кўп қиррали ҳамкорлик юксак даражага кўтарилаётгани эътироф этилди.

Охирги йилларда давлат раҳбарларининг ўзаро ишончга асосланган муносабатлари ва қатъий сиёсий иродаси туфайли қардошлик ришталари ривожида мисли кўрилмаган ютуқларга эришилгани, икки томонлама алоқалар сезиларли даражада фаоллашгани алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзолангани минтақа халқлари ўртасида яхши қўшничилик муносабатларига кенг йўл очгани ва ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши мамнуният билан қайд этилди.

Ўз навбатида, Азиз Кодир Гиёзода Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг жадал суръати бугун улкан ўзгаришларга сабаб бўлаётганини эътироф этди. Шунингдек, у икки томонлама парламентлараро ҳамкорлик, шу жумладан, мамлакатларимиз ўртасидаги мунтазам ташрифлар алмашинуви фаол ривожланаётганини таъкидлаб, Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг учинчи йиғилиши парламентлараро мулоқотни янада ривожлантиришга хизмат қилишини билдирди.
Учрашувда парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, уни янги мазмун билан бойитиш, қонун ижодкорлиги соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, дўстлик гуруҳлари фаолиятини янада кенгайтириш масалалари бўйича ҳам сўз юритилди.
М.Комилова,
ЎзА