Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва ТДТ: минтақавий савдо, инвестицион ва интеграция салоҳиятини очиш
12:38 / 2025-10-09

ТДТга аъзо мамлакатлар аҳолисининг умумий сони 175 миллион кишидан ортиқни ташкил этди ва ЯИМ харид қобилияти паритети бўйича 5,6 триллион долларга яқинлашди. 2024 йилда ТДТ мамлакатларининг умумий ЯИМ номинал кўринишда 2,1 триллион долларни ташкил этди – бу жаҳон иқтисодиётининг деярли 2 фоизини ташкил қилади.

Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги савдо ҳажми жадал суръатларда ўсиб бормоқда. 2023 йилда умумий товар айланмаси (кузатувчи давлатлар билан бирга) 1,2 триллион долларга етди. ТДТ мамлакатлари ўртасидаги ички савдо ҳажмининг ўсиши айниқса, таъсирли бўлди – 36,7 миллиард доллар, бу 2016 йилга нисбатан 2,7 баробар кўпдир.

Бу рақамлар ТДТ мамлакатлари минтақавий интеграцияси ҳар қачонгидан ҳам тез ва чуқурроқ давом этаётганини кўрсатади. Савдо Ўзбекистон билан ТДТ ўртасидаги ҳамкорликнинг энг фаол йўналишларидан бирига айланди. 2016-2024 йилларда ТДТ мамлакатлари билан товар айланмаси қарийб уч баробарга – 3,3 миллиард доллардан 9,5 миллиард долларга ўсди. Биргина 2024 йилда экспорт 3,5 миллиард долларни, импорт эса 6,1 миллиард долларни ташкил этди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг қарийб 14,5 фоизи ТДТ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади, бу эса ушбу ҳамкорликнинг стратегик аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.  

Шу билан бирга, ТДТ доирасида Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори Қозоғистон ҳисобланади. Ушбу икки мамлакат ўртасидаги умумий товар айланмаси 45 фоизни ташкил этади. Шунингдек, Туркия – 30 фоиз, Қирғизистон – 13 фоиз, Озарбайжон – 9 фоиз, Туркманистон – 3 фоиз ва Венгрия (кузатувчи) – тахминан 1 фоиз ёки 78 миллион долларни ташкил этмоқда.  

2024 йилда ТДТ мамлакатлари экспорт таркибига кўра, саноат товарлари – 33 фоиз, машина ва транспорт ускуналари – 23 фоиз, озиқ-овқат маҳсулотлари – 11 фоиз, кимё маҳсулотлари – 9 фоиз ва хизматлар – 12 фоизга тўғри келади. Бу тузилма Ўзбекистон иқтисодиётининг диверсификацияланиш даражасини ва унинг минтақавий шериклар эҳтиёжларига мослашувчанлигини кўрсатиб беради.

Бу борадаги салоҳият ҳали тўлиқ амалга оширилмаган. ТДТ мамлакатлари ички савдоси уларнинг умумий савдо айланмасининг атиги 6,5 фоизини ташкил қилади. Бу фойдаланилмаган имкониятлар кўплигини ва уларни биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан амалга ошириш мумкинлигини англатади. Бунинг учун, хусусан, савдо тўсиқларини камайтириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш, шунингдек, рақамли савдо платформаларини ривожлантириш бўйича аниқ ташаббуслар таклиф этилди.

2017 йилдан буён ТДТ шерикларнинг умумий инвестициялари ҳажми 7,5 миллиард доллардан ошди.

Биргина 2024 йилнинг ўзида Ўзбекистонга 2,3 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар жалб этилди, бу ўтган йилга нисбатан қарийб икки баробар кўп. Жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар таркибида Туркия асосан саноат, қурилиш ва логистика соҳаларида 1,8 миллиард доллар билан етакчилик қилмоқда. Умуман олганда, 2024 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар тармоқлар бўйича қуйидагича тақсимланди: саноат – 750 миллион доллар, энергетика – 650 миллион доллар, уй-жой қурилиши – 321 миллион доллар, қишлоқ хўжалиги – 278 миллион доллар.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Туркий инвестиция фондига 100 млн. долларлик ҳиссаси муҳим қадамлардан бири бўлди. Шу туфайли унинг умумий капитали 600 млн. долларга етди, бу бутун минтақада инфратузилма, саноат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун умумий платформадир.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлили шуни кўрсатадики, ҳатто қисқа муддатда ҳам Ўзбекистон ТДТ мамлакатларига экспорт ҳажмини қарийб 2,7 миллиард долларга ошириши мумкин, шундан: Туркияга қарийб 1,8 миллиард доллар, Қозоғистонга 500 миллион доллар, шунингдек, Венгрия ва Қирғизистон йўналишида ҳам ўсиб бораётган имкониятлар кузатилмоқда. ТДТнинг бошқа мамлакатлари ҳам мана шундай фойдаланилмаган экспорт салоҳиятига эга. Бу бутун минтақа учун умумий имкониятдир.

Шундай қилиб, ТДТ мамлакатларининг умумий аграр бозори ҳар йили 72 миллиард долларга баҳоланмоқда. Ўзбекистон бу соҳада аллақачон муҳим роль ўйнамоқда ҳамда салоҳият анча юқори.  

Ўзбекистон қуритилган узум, қуритилган ўрик, ёнғоқ, сабзавот ва қовун каби полиз экинлари бўйича рақобатбардош устунликка эга. Шу билан бирга, ТДТ мамлакатлари ҳар йили катта ҳажмдаги саноат товарларини: тўқимачилик (110 миллиард доллар), мис (30 миллиард доллар), этилен полимерлари (25 миллиард доллар), электротехника ускуналари (35 миллиард доллар), шунингдек, миллиардлаб долларлик ўғитлар, рух, ярим тайёр маҳсулотлар импорт қилади.

Имкониятларни аниқлаш фақат биринчи қадам, уларни натижага айлантириш учун илмий асосланган ёндашув зарур. Шундай қилиб, 2024 йилда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Озарбайжон Иқтисодий ислоҳотларни таҳлил қилиш ва коммуникациялар маркази билан биргаликда иқтисодиётнинг 18 та тармоғи бўйича қўшма тадқиқот ўтказди ҳамда мамлакатларимизнинг бир-бирини тўлдирадиган ва ўсиш учун реал имкониятлар мавжуд бўлган кучли томонлари аниқлади.

ТДТнинг таҳлил марказлари ўртасида таҳлил, тадқиқот ва сиёсий чора-тадбирларни мувофиқлаштириш учун умумий платформа яратиш орқали илмий асосланган қарорлар интеграциясини янада тўғри, тез ва самаралироқ қилиш имкони мавжуд.

Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА