French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Татаристон миллий мусиқа санъатидаги ҳамкорлиги ривожланмоқда
07:20 / 2024-10-26

“Халқаро маданий мерос ҳафталиги”да иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Қозон давлат маданият институти ректори Роза Шайхайдарова Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтига ташриф буюрди.

Меҳмонга дастлаб олийгоҳ фаолияти хусусида маълумот берилди. Жумладан, миллий мусиқа санъати йўналишида кадрлар тайёрлаётган ЎзММСИда мингга яқин талаба таҳсил олиши, уларга яратиб берилаётган шароитлар батафсил тушунтирилди. Шунингдек, татаристонлик ректор яқинда очилиши бўлган “Регистратор офиси”, профессор-ўқитувчилар ва ўқувчилар хоналари билан танишди. Томонлар ТУРКСОЙ ректорлар форуми, келгусида рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик, талабалар алмашинуви, шунингдек, ажратилган грандлар тўғрисида сўз юритдилар.

Катта залда концерт дастури ҳам ташкил этилди. Унда институт талаба ёшлари томонидан қизиқарли куй-наволар, миллий мусиқа намуналари намойиш қилинди. Ўзбек санъатига шайдо бўлган Роза Шайхайдарова халқларимиз ўртасида яхши ришталар борлигини, айниқса маданият-санъат соҳасидаги ишлар кўлами ортганини алоҳида қайд этди. Меҳмон ўзбек-татар миллати, дини бир, маданияти ва халқлари бир эканини тилга олиб, таклиф учун миннатдорлик билдирди.

Шундан сўнг, тор доирада бўлиб ўтган тадбирда “Достончилик” кафедрасидан Қашқадарё ва Сурхондарё, Қорақалпоғистон таълим йўналишлари талабалари ижросида турли жонли қўшиқлар янгради. ЮНEСКО номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган “Лазги” ҳам иштирокчилар кўнглини хушнуд этган бўлса, ажаб эмас.

Учрашув давомида ЎзММСИ ректори в.в.б Элдор Шерманов меҳмонга Ўзбекистоннинг номоддий маданий мероси элементи сифатида Инсоният номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилган “Бахшичилик санъати”, “Бойсун тумани маданий макони”, “Катта ашула”, “Аския” ва “Лазги” каби муҳим йўналишлар хусусида маълумот берди.

Йиғилиш сўнгида Ўзбекистон қаҳрамони Муножат Йўлчиева ва бошқа соҳа вакиллари институт фаолияти, икки томонлама ижодкорлик масалаларида фикрларини билдирди. Қозон давлат маданият институти ректори Роза Шайхайдаровага институтнинг эсдалик совғалари топширилди.

М.Ҳожиакбарова, ЎзА